“Ўзсувтаъминот”АЖ: замонавий бошқарув ва халқаро ҳамкорлик
Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёти ҳамда соғлиғини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантириш ва замонавий инфратузилма яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Охирги 8 йил давомида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари соҳасига 27,5 триллион сўм йўналтирилди. Ушбу маблағлар эвазига 3 627 та иншоот, 40,6 минг км тармоқ қурилиб, аҳоли хизматига топширилди.
Натижада 7,7 миллион аҳоли илк маротаба ичимлик суви билан таъминланди. 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди, 1,1 миллион аҳоли оқова тизимига уланди.
Ичимлик суви қамрови 63 фоиздан 80,9 фоизга, оқова сув хизматлари қамрови эса 17,2 фоиздан 20,9 фоизгача ошди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти ҳамда мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Таъкидланишича, ичимлик суви ва оқова хизматларининг сифати ва қамровини ошириш мақсадида мамлакатимизда йирик инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида “Тўпаланг” сув омбори асосида амалга оширилган лойиҳа доирасида 147 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидаги 141 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва сифати тубдан яхшиланган.
Жиззах вилоятида ҳам Зарафшон дарёсининг ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳрининг 286 минг нафар аҳолиси тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминланмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида “Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳаси доирасида илк бор 76 минг нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Аҳамиятлиси, туманда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 1,8 фоиздан 51,7 фоизга кўтарилган.
[gallery-23092]
Шунингдек, Тошкент вилоятида “Қодирия” сув иншоотини реконструкция қилиш орқали 8 минг аҳоли илк маротаба ичимлик сувидан баҳраманд бўлиб, қўшимча 265 минг аҳолининг таъминоти сезиларли даражада яхшиланган.
Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида амалга оширилган лойиҳалар орқали 275 минг аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Қайд этилишича, ичимлик суви таъминотида замонавий бошқарув ва назорат тизимларини жорий этиш орқали хизматлар сифати ҳам оширилмоқда.
“UzWater”, Геоинформацион (GIS), SCADA, “Water Lab” каби тизимлар шулар жумласидан.
Бугунги кунга қадар 38 та йирик сув иншооти тўлиқ рақамлаштирилиб, реал вақт режимида назорат қилинмоқда.
Ҳозир “Ўзсувтаъминот” АЖ халқаро ҳамкорлик доирасида Франциянинг “SUEZ” компанияси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида икки босқичли лойиҳани амалга оширмоқда. Унда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизгача етказилиши режалаштирилган.
Жорий йил давомида ичимлик суви ва оқова хизматларини кенгайтириш учун 7 триллион сўм миқдорида маблағ ўзлаштирилиши белгиланган. Бу маблағлар ҳисобига 23 та сув иншооти, 139 та сув тарқатиш ва сув кўтариш станцияси, 2 140 км тармоқ барпо этилади, 225 минг сув ҳисоблагич ўрнатилади.
Натижада 712 минг аҳоли илк бор ичимлик сувига уланади, 135 минг хонадон оқова сув тизимига боғланади. Ичимлик суви таъминоти 82,8 фоиз, оқова сув қамрови эса 22,3 фоизга етади.
Шунингдек, 2025-2029 йилларга мўлжалланган истиқболли режалардан бири Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга ошириладиган 125 миллион долларлик лойиҳа ҳам шулар жумласига киради.
Лойиҳа доирасида 4 838 та ультратовушли ҳисоблагич ва 2 861 та маълумот узатиш ускунаси ўрнатилади, 80 минг километрга яқин ичимлик ва оқова тармоқлари рақамлаштирилади, 12,7 мингта иншоот геоахборот тизимига киритилади, 15 та маълумотлар маркази ташкил этилади.
Бу орқали сув тармоқлари устидан ягона назорат, шаффоф ҳисоб-китоб ва техник йўқотишларни камайтириш таъминланади. Сув йўқотишлари 5 фоизгача қисқартирилади.
Шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан экологик ташаббус доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг “Envirol” компанияси билан 50 миллион долларлик келишув имзоланган. Унга асосан Тошкент шаҳридаги умумий овқатланиш муассасаларида ёғ тутқич ускуналар ўрнатилиб, тўпланган чиқинди ёғлар махсус қайта ишлаш заводига етказилади. Ушбу ёғлардан кирсовун ва ёқилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқарилади.
Бу ташаббус орқали нафақат экологик хавфсизлик ошади, балки иқтисодий самарадорлик ҳам таъминланади, шунингдек, оқова сув тозалаш иншоотларининг юкламасини камайтиради.
Тадбир якунида ОАВ вакиллари мутахассислардан соҳага оид саволларига батафсил жавоб олди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА