“Ўзсувтаъминот” АЖ халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Мамлакатимизда сув таъминоти ва санитария тизимини ривожлантириш, соҳада илғор технологиялар ҳамда халқаро тажрибани жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада нуфузли халқаро таълим ва илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов бошчилигидаги делегация Таиланднинг Бангкок шаҳрида жойлашган Осиё технология институти (AIT)га ташриф буюрди.

Ташриф доирасида “Ўзсувтаъминот” АЖ ва мазкур институт ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистонда сув таъминоти ва санитария соҳасини янада ривожлантириш, айниқса, марказлашмаган канализация тизимларини жорий этиш, шунингдек, соҳа мутахассисларининг малакасини оширишга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида AIT қошидаги Жаҳон сув ва санитария маркази (GWSC) билан биргаликда мамлакатимизда, хусусан, чекка ҳудудларда замонавий санитария ечимларини жорий этиш, шунингдек, WASH (сув, санитария ва гигиена) йўналишида билим ва тажриба алмашиш режалаштирилган.

Томонлар, шунингдек, “Ўзсувтаъминот” АЖ ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, олий таълим муассасалари билан қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини ривожлантириш, сув таъминоти ҳамда канализация соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.
Ташриф давомида делегация AIT лаборатория мажмуалари фаолияти билан танишди, профессор-ўқитувчилар ва техник мутахассислар билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, GWSC билан ҳамкорликда амалга оширилаётган стратегик дастурларни мувофиқлаштиришга бағишланган семинар ҳам ташкил этилди.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда сув ва санитария инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА