“Ўзсаноатқурилишбанк” Сурхондарёда янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда давом этади
“Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Сурхондарё вилоятида банкнинг молиявий кўмагида барпо этилган замонавий корхоналарга пресс-тур ташкил этилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини оширишга қаратилган саноат сиёсатини давом эттириш, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш вазифаси белгиланган. Шунга мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишбанк” мазкур тармоқни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, ўтган йили 570 дан ортиқ лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлади. Мазкур ишлаб чиқариш қувватларига 1 миллиард 800 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилди. 15 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. 611 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Вилоятда ёввойи ҳолда ўсадиган қамишдан қириндили плиталар (ДСП маҳсулотлари) ишлаб чиқаришга ихтисослашган “SURXON KSP-GRAND” масъулияти чекланган жамияти томонидан Музработ туманида ташкил этилган янги корхонага ҳам “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг кредит маблағидан оқилона фойдаланилди. Айни пайтда “ASIA KSP SIFAT” масъулияти чекланган жамиятида ёввойи қамишдан қурилиш ва мебелсозлик саноатида ишлатиладиган импорт ўрнини босувчи қириндили плиталар ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган.
Пресс-тур иштирокчилари ана шу корхонада бўлиб, замонавий хориж ускуналари ўрнатилган цехларнинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Корхонани барпо этиш учун 205 миллиард 864 миллион сўм сарфланди. Тижорат банки ажратган кредит маблағига хориждан замонавий ускуналар келтириб, ўрнатилган.

– Бу ерда йилига 150 минг куб қамиш-қириндили плита ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Аббос Набиев. – 400 дан ортиқ доимий, 4 мингдан зиёд мавсумий ишчи меҳнат қилади. Қурилиш ва мебелсозликда фойдаланиладиган материални ишлаб чиқариш мураккаб жараён. Хом ашё замонавий ускуналар ёрдамида қайта ишланади. Майдаланиб, қиринди тайёрланади. Тайёр бўлаётган хом ашёга махсус клей аралаштирилиб, 180 даража иссиқликда 2 минг 700 тонна куч билан прессланади. Натижада пишиқ, сифатли қамиш қириндили плита юзага келади. Сувга тўйиниб ўсган қамишдан тайёрланган ДСП ёғоч қириндили плиталарга нисбатан бир неча баравар бақувват ва намга чидамли бўлади. Шунинг учун ҳам бозорда қамиш қириндили плиталарга эҳтиёж ортмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ишчилар учун яратилган шароитлар ва ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига ҳам қизиқишди.
Ишчиларнинг таъкидлашича, қўшни маҳаллаларда яшайдиган ишчилар учун бепул транспорт қатнови йўлга қўйилган. Шунингдек, корхонанинг ўзида бепул иссиқ овқат ташкил этилган. Узоқдан қатнаб меҳнат қиладиган ишчилар кенг, шинам ётоқхонада бепул яшайди.
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Сурхондарё минтақавий банк хизматлари офиси бошқа мижозлари қатори озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни ҳам молиявий қўллаб-қувватламоқда. Қумқўрғон туманидаги “Business Capital” масъулияти чекланган жамиятининг ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи лойиҳаси бунга мисол.
Пресс-тур доирасида журналистлар туманнинг Азларсой маҳалласидаги мазкур корхонада бўлиб, сифатли ва арзон ун ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Буғдойни қайта ишлайдиган хориж линияларини кузатди.
Лойиҳани амалга ошириш учун корхона таъсисчиси тижорат банкининг молиявий кўмагида 1 миллион 64 минг еврога тенг хорижий кредит линияси ҳисобига Туркиядан технологик ускуналар мажмуини келтириб ўрнатган. Корхона маҳаллий ва хориж бозорига йилига 54 миллион тонна ун маҳсулоти етказиб бермоқда. Буғдой кепагини чорвачилик фермер хўжаликлари тўйимли озуқа сифатида харид қиляпти. Корхонада айни пайтда 37 киши меҳнат қилмоқда. Жорий йилда тўла қувват билан ишга тушгач, 60 дан ортиқ киши ишли бўлади.

– Барча ишлар компьютерлар ёрдамида бошқарилади, – дейди ун қадоқловчи Илҳом Холмўминов. – Бир кунда 1000-1200 қоп ун қадоқлаймиз. Ишчиларга зарур шароит яратилган. Ўзим Жийдали маҳалласидан қатнаб ишлайман.
Бошқа қишлоқлардан келиб ишлайдиганлар учун бепул транспорт ажратилган. Уч маҳал иссиқ овқат берилади. Хуллас, ойлик маошимизни тўлиқ оиламиз тўкинлиги учун сарфлаймиз.

– Сифатли хизмат – бу мижозларни очиқ юз ва хушмуомалалик билан кутиб олишдан бошланади, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Арзиқулов. – Хизмат кўрсатиш жараёнида техник қурилмалар, дастурлар узлуксиз ишлашини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Иқтисодиётимизни юксалтиришда муҳим омил бўлаётган тадбиркорларимизнинг биринчи талабини қаноатлантириш йўлида ҳамиша изланишдамиз. Бу йил ҳам тадбиркорларимизнинг истиқболли, янги лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси жорий йилда аҳолига 75,5 миллиард сўм кредит ажратади. Йирик корхона ва тадбиркорлик субъектларига 175,76 миллиард сўм кредит маблағини йўналтириб, янги лойиҳаларни ишга туширишга яқиндан кўмаклашади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири