Юртимизда йил якунига қадар 7 та уй-музей ва 6 та галерея очилиши режалаштирилган
Пойтахтимизда “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан “2026 йилнинг биринчи чораги давомида ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, жорий йил 1 январдан амалда бўлган 43 та ҳунармандчилик йўналишлари сони 32 тага қисқартирилди. Биринчи чоракда уста-шогирд анъаналарини ривожлантириш орқали жами 8 минг 486 та иш ўрини яратилди.

Бугунги кунда республика миқёсида ҳунармандчиликнинг 32 та йўналиши бўйича жами 26,2 минг нафар ҳунарманд фаолият юритиб келмоқда. Шундан 12,2 минг нафари эркаклар, 14 минг нафари эса аёллардир. Жами аъзоларнинг 4,4 минг нафари ёшлар.

“Ҳунарманд” уюшмаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида ҳунармандчиликнинг барқарор ривожланиши учун уста-шогирд анъанасига алоҳида эътибор қаратилди. Бу анъана нафақат ҳунармандлик маҳоратини авлоддан авлодга етказиш, балки янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ижодий салоҳиятни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Бугунги кунда амалий санъат усталари ва ҳунармандларнинг фаолияти онлайн платформалар орқали ҳам назорат қилинади. Миллий каталог ва туристик фаолият юритувчи ҳунармандлар реестри ушбу жараённи осон ва шаффоф тарзда юритишга имконият беради. Бу платформалар усталарнинг ижодий салоҳиятини кенг оммага намойиш қилиш, уларнинг тажрибаси ва маҳсулотларини миллий ҳамда халқаро миқёсда тақдим этиш имконини яратади.

Миллий каталогга киритиладиган номзодлар Кенгаш қарори асосида танланади. Бу жараёнда нуфузли халқаро кўргазма ва кўрик-танловларда ғолиб ёки лауреат бўлганлар, шунингдек санъат ва фан арбоблари ҳамда академиклар тавсия қилган усталар алоҳида эътиборга олинади. Бугунги кунда 271 нафар ҳунарманд Миллий каталогга киритилган.
Туристик реестр эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тавсияси, Миллий каталог ва “Ҳунарманд” уюшмасининг Бадиий кенгаши тавсияси асосида шакллантирилади. Бу ердан ўз устахонасида ёки ижара асосида фаолият юритувчи, маҳсулотларини галереялар, ҳунармандчилик дўконлари ва маҳаллий ҳамда хорижий савдо уйларида тақдим этиш учун рўйхатдан ўтган ҳунармандлар жой олади. Жорий йилда ушбу реестрга жами 763 нафар аъзо киритилган.
Ушбу тизим орқали усталаримиз нафақат маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар, балки халқаро аудитория билан ҳам бевосита боғланиш имконига эга бўлмоқда. Бу эса ҳунармандчиликнинг ривожланиши ва барқарорлигини таъминлайдиган муҳим қадам.
Республикамиз бўйича 47 та уй-музей ва 44 та галерея фаолият юритмоқда. Шунингдек, йил якунига қадар яна 7 та уй-музей ва 6 та галерея очилиши режалаштирилган бўлиб, бу амалий санъатнинг кенг тарғиб этилиши ва ҳунармандлар ижодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Жорий йилда амалда 4 та муҳим англашув меморандумлари имзоланди. Улар орқали Ўзбекистон ҳунармандлари халқаро ҳамкорлик доирасини кенгайтирмоқда ва маҳсулотларини халқаро бозорларга тақдим этишда янги имкониятларга эга бўлмоқда.
Шунингдек, миллий бренд ва товар белгисига эга бўлган ҳунармандлар сони 353 нафарга етди. Бу натижалар ҳунармандчилик соҳасининг барқарор ривожланиши ва маҳаллий ҳамда халқаро бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлашига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг уч ойи давомида мамлакатимизда 2 та янги ҳунармандчилик маркази очилди. Ҳозирги кунга келиб республика бўйича 91 та марказ фаолият юритмоқда, уларнинг умумий қиймати 2000 миллиард сўмни ташкил этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА