“Ўзмиллийбанк” АЖда коррупцияга қарши курашиш юзасидан ўқув машғулоти ташкил этилди
“Ўзмиллийбанк” АЖда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган ўқув машғулоти ташкил этилди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, "Ўзмиллийбанк" АЖ тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилди.
Ўқув машғулотида банкнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ҳамда таркибий бўлинмалари ходимлари фаол иштирок этди. Тадбир доирасида коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари, унинг салбий оқибатлари, олдини олиш механизмлари, замонавий ёндашувлар ва амалий чора-тадбирлар юзасидан атрофлича маърузалар тақдим этилиб, банк фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган ҳаётий “кейс”лар таҳлил қилинди.
[gallery-28345]
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси мутахассислари томонидан интерактив усулларда ташкил этилган машғулотлар иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Хусусан, реал ҳаётий ҳолатлар таҳлили, савол-жавоблар, очиқ мулоқот ва муҳокамалар тадбир самарадорлигини янада оширди.
Шунингдек, машғулот давомида коррупция хавфларини аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, Банк ички назорат тизимини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан коррупциянинг олдини олиш, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Қайд этилганидек, мазкур ўқув машғулоти банк тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади. “Ўзмиллийбанк” АЖда келгусида ҳам ушбу йўналишда тизимли ўқув машғулотлари ва амалий тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш режалаштирилган.
Шаҳноза Маматуропова,
Носир Ҳайдаров (cурат),
ЎзА