“Ўзбекнефтгаз”да фавқулодда вазиятларга тайёргарлик чоралари кучайтирилмоқда
Бугунги кунда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларга тезкор ва самарали жавоб қайтариш масалалари барча йирик ишлаб чиқариш тизимлари учун долзарб аҳамият касб этади.
Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тизимида фуқаро муҳофазасига оид тадбирларни тизимли равишда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунларда жамият тизимида “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасида кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг махсус баёни ҳамда жамият буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шу асосда, жорий йил 1 апрелдан 1 майга қадар жамият тизимида ташкилий ва амалий ишлар изчил давом эттириляпти. Ойлик давомида тасарруфдаги барча объектларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилмоқда.

Шунингдек, ходимлар ҳамда ишлаб чиқариш объектлари хавфсизлигини таъминлаш, қуйи тизим бошқарув органлари ва тегишли куч ҳамда воситаларнинг тайёргарлик даражасини оширишга алоҳида урғу берилмоқда. Бу борада барча йўналишларда тизимли назорат ва амалий тайёргарлик ишлари йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, жамият тизимида ўқув машғулотлари, семинарлар ва давра суҳбатлари мунтазам ташкил этиб бориляпти. Корхона ва ташкилотларда раҳбарлар ҳамда ишчи-хизматчиларнинг фавқулодда вазиятларда, жумладан, кучли зилзилалар вақтида тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини оширишга қаратилган назарий ва амалий машғулотлар тизимли равишда ўтказилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА