Ўзбекистонлик ўқувчилар IMC халқаро математика мусобақасида 20 та медални қўлга киритди
Мўғулистонда ўтказилган Халқаро математика мусобақасида (IMC) Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
32 та давлатдан 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчи қатнашган мусобақада Ўзбекистон вакиллари 1 та олтин, 9 та кумуш ва 10 та бронза, жами 20 та медални қўлга киритди.
Junior тоифасида Қарши шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Дилбек Зиядуллаев олтин медаль соҳиби бўлди.
Кумуш медаллар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Абдусамат Абдикомилов, Шамшодбек Жалолов, Шоҳжаҳон Абдилсаттаров, Нурафшон шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Темурбек Зокиров, Қарши шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Анвар Абдувалиев ҳамда Сергели тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Шаҳриёр Хайитбоевга насиб этди.
Бронза медалларни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 219-мактаб ўқувчиси Илёсбек Комилжонов, Сергели тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Асрорбек Қобилов, Оҳангарон шаҳар ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Шоҳжаҳон Ниёзалиев, Тошкент шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Жаҳонгир Фарҳодов, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Беҳрузбек Исмоилов ҳамда Чироқчи тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Рамзиддин Раҳматиллаев қўлга киритди.
Senior тоифасида Сергели тумани ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиси Умарбек Убайдуллаев, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Файзуллоҳ Тоҳиров ва Сирдарё вилояти Рустам Босимов халқаро мактаби ўқувчиси Озодбек Саякулов кумуш медаль билан тақдирланди.
Бронза медаллар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Абдулазиз Ражабов, Бухоро шаҳридаги 35-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Комронбек Камолов, Бухоро вилояти Қоракўл тумани ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Бахтиёр Остонов ҳамда Қарши шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Одилжон Ёқубовга насиб этди.
Назокат Усмонова, ЎзА