Ўзбекистонлик ўқувчилар фан олимпиадаларида 257 медаль билан рекорд ўрнатди
Ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида тарихий натижаларни қайд этиб, 257 та медаль билан тақдирланди. Уларнинг устозлари ҳам муносиб эътирофга сазовор бўлди.
Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда Фан олимпиадалари маркази томонидан 2025-2026 ўқув йили давомида халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг устозларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда олимпиада ғолиблари, ота-оналар, педагоглар, давлат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маълум бўлишича, жорий йилда юртимиз ўқувчилари 29 та халқаро олимпиадада муносиб иштирок этиб, жами 257 та медаль (44 та олтин, 93 та кумуш, 120 та бронза)ни қўлга киритди. Бу 2019 йилдаги натижадан қарийб тўққиз баробар кўп.
Бундан ташқари, яна айрим натижалар тарихий аҳамиятга эга. Хусусан, ўзбекистонлик ўқувчи қиз 58-Халқаро кимё олимпиадасида қизлар орасида илк олтин медални қўлга киритди. Халқаро сунъий интеллект бўйича халқаро олимпиадада эса мамлакатимиз илк иштирокидаёқ 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлди. Болқон математика олимпиадасида 5 та олтин медалга эришилди.
Тақдирлаш маросимида халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг устозларига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари топширилди:
Энг нуфузли халқаро олимпиадалардаги медаллар учун:
Олтин медаль соҳибига — 1 миллиард 100 млн сўм, ўқитувчисига — 198 миллион сўм;
Кумуш медаль соҳибига — 660 миллион сўм, ўқитувчисига — 110 миллион сўм;
Бронза медаль соҳибига — 440 миллион сўм, ўқитувчисига — 66 миллион сўм.
Халқаро олимпиадалардаги медаллар учун:
Олтин медаль соҳибига — 66 миллион сўм, ўқитувчисига — 22 миллион сўм;
Кумуш медаль соҳибига — 44 миллион сўм, ўқитувчисига — 15,4 миллион сўм;
Бронза медаль соҳибига — 22 миллион сўм, ўқитувчисига — 13,2 миллион сўм.
Шунингдек, ўқувчиларни олимпиадаларга тайёрлаган устозларнинг малака тоифаси бир поғонага кўтарилади. Минтақавий халқаро олимпиада ҳамда асосий олимпиаданинг республика босқичи ғолиблари келгусида таълим муассасаларида ўзлари ғолиб бўлган фандан дарс берган тақдирда, уларнинг лавозим маошига ҳар ойлик 100 фоиз устама қўшиб берилади.
[gallery-32642]
Албатта, бу муваффақиятлар ортида фақат иқтидор эмас, балки йиллар давомидаги меҳнат, устозлар сабри ва ота-оналарнинг ишончи ҳам бор. Зеро, бугун қўлга киритилаётган медаллар эртанги илм-фан кашфиётлари ва мамлакат тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА