Ноябрь ойининг сўнгги кунларида Тошкентда ҳаво ифлосланиши хавфи ортади
Тошкент шаҳрида ноябрь ойининг дастлабки 21 кунида ҳаво сифати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли яхшиланган. Бироқ, ойнинг сўнгги кунларида, айниқса, 27–30 ноябрь кунлари атмосферада майда дисперсли PM2,5 заррачалари миқдори ортиши хавфи мавжуд.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тизимидаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ) таҳлилларига кўра, 2026 йил ноябрь ойининг 1–21 ноябрь кунлари Тошкент ҳавосида PM2,5 заррачалари миқдори 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоизга камайган. Шунингдек, жорий йилда ушбу заррачаларнинг суткалик рухсат этилган меъёри (60 мкг/м³) атиги 4 кун давомида ошган бўлса, 2025 йилда бу ҳолат 15 кун кузатилган.
Қайд этилишича, ҳаво сифатига шамол, ёғингарчилик, атмосфера фронтлари ва ҳарорат инверсияси каби метеорологик омиллар сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Жорий йил 31 октябрь – 20 ноябрь кунлари Олмазор, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларидан олинган PM2,5 намуналарининг лаборатория таҳлиллари ҳам ўтказилган. Натижаларга кўра, ҳаводаги ифлослантирувчи заррачалар таркибининг ўртача 48 фоизи саноат, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ёниш жараёнлари ҳиссасига тўғри келган. Табиий чанг улуши 38 фоизни, манбаси аниқланмаган компонентлар 11 фоизни, оғир металлар эса 2 фоизни ташкил этган. Таҳлиллар об-ҳаво шароитига қараб ифлосланиш манбалари улуши ҳам ўзгаришини кўрсатган. Хусусан, 19–20 ноябрь кунлари шамол таъсирида Олмазор туманида табиий чанг улуши 57 фоизга етган. 17–19 ноябрь кунлари эса Мирзо Улуғбек туманида оғир металлар улуши 10 фоизгача кўтарилган.
Метеорологик кузатувларга кўра, ҳаво турғун бўлган кунларда PM2,5 заррачалари концентрацияси кечки ва тунги соатларда сезиларли ошади. Масалан, 13–18 ноябрь кунлари соат 22:00 да уларнинг миқдори 75 мкг/м³ га етган бўлса, кундузи соат 13:00 да 26 мкг/м³ гача пасайган. Бунинг асосий сабаби ҳарорат инверсияси туфайли ифлослантирувчи моддаларнинг ерга яқин ҳаво қатламида тўпланишидир.
Ноябрь ойининг сўнгги кунларида об-ҳаво қандай бўлади?
ГМИТИ олимлари ECMWF ансамбл модели асосида тайёрлаган прогнозга кўра, 22–26 ноябрь кунлари Тошкентда ҳаво нисбатан илиқ бўлади. Кундузи ҳарорат +14…+25, кечаси эса +6…+9 даража атрофида бўлиши кутилмоқда. Шамол тезлиги асосан секундига 1–2 метрни ташкил этади. 24 ноябрь куни ёмғир ёғиш эҳтимоли 92 фоизга баҳоланган. 26 ноябрь куни кечқурун ҳам ёғингарчилик кузатилиши мумкин. Атмосфера фронтлари таъсирида ёмғирли кунларда ҳавонинг қисман тозаланиши кутилмоқда. Бироқ, 22 ва 25 ноябрь кунлари кечки ҳамда тунги соатларда ҳарорат инверсияси сабабли ифлослантирувчи моддалар миқдори қисқа муддатга ортиши мумкин.
Энг ноқулай вазият 27–30 ноябрь кунларига тўғри келиши прогноз қилинмоқда. Бу даврда ҳарорат инверсияси кучайиб, антициклон шаклланиши кутилмоқда. 27–28 ноябрь кунлари атмосфера босими 1028–1029 гПа гача кўтарилиши мумкин. Шамол тезлиги секундига 0,5–1,5 метр атрофида бўлади, ёғингарчилик эса кутилмаяпти.
Мутахассислар айнан шу кунларда, айниқса, иситиш мавсуми билан боғлиқ чиқиндилар таъсирида PM2,5 заррачалари концентрацияси ошиши хавфи юқори эканини таъкидламоқда. Тунги ва эрталабки соатларда туман тушиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
30 ноябрдан атмосфера босими пасайиши ва ҳарорат инверсияси хавфи ўрта даражага тушиши кутилмоқда.
Ўтган йилги кўрсаткичлар билан таққослаганда
2025 йилнинг 22–30 ноябрь кунлари Тошкентда PM2,5 заррачаларининг ўртача концентрацияси 161 мкг/м³ ни ташкил этган. Тўққиз куннинг барчасида суткалик рухсат этилган меъёрдан ошиш ҳолати кузатилган. Жорий йилда эса атмосфера фронтлари таъсири туфайли ўтган йилги каби узлуксиз юқори ифлосланиш ҳолати кутилмаяпти.
Шунга қарамай, ноябрь ойининг сўнгги кунларидаги об-ҳаво шароити ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ифлосланиш манбаларини назорат қилиш, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдорини камайтириш ва экологик вазиятни доимий кузатиб бориш муҳим аҳамиятга эга.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА