Ўзбекистонга Кореядан янги қулупнай навлари келтирилади
Пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А.Шукуров ва Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ҳамда Корея Машинасозлик саноати ассоциацияси (КОАМИ) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги ҳамкорликнинг бугунги натижалари ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Хусусан, “Ақлли қишлоқ хўжалиги саноат технологиялари инновацион маркази” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг июнь ойида Корея Республикасида ташкил этилган малака ошириш дастурларининг самаралари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, тренинглар давомида ўзбекистонлик мутахассислар ақлли иссиқхоналарда қўлланиладиган рақамли технологиялар, IT ечимлари ва Smart Farm тизимларидан самарали фойдаланиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганди. Томонлар ушбу ўқув дастурларини янада такомиллаштириш ва амалий йўналишини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, учрашувда жорий йил якунида ниҳоясига етадиган мазкур лойиҳанинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқилган Мастер-режа юзасидан ҳам фикр алмашилди. Мазкур ҳужжат ақлли қишлоқ хўжалиги технологияларини кенг жорий этиш ва соҳада инновацион ривожланишни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

Келишувга кўра, жорий йилнинг август–сентябрь ойларида марказда кореялик олимлар иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этилади. Унда ақлли иссиқхоналар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, лабораторияларда олинган таҳлилий маълумотларни қайта ишлаш ҳамда амалиётга татбиқ этиш масалалари бўйича мутахассислар билим ва тажриба алмашади.
Учрашув давомида яна бир муҳим янгилик маълум қилинди. Хусусан, лойиҳа доирасида ҳудудларда ташкил этилган ақлли иссиқхона тажриба хўжаликлари учун август ойида Кореянинг машҳур “Seolhyang” навли 30 минг дона қулупнай кўчатлари етказиб берилади.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни самарали амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА