Ўзбекистондаги энг йирик сиёсий партиялардан бири навбатдаги устувор вазифаларини эълон қилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил топганига 23 йил тўлди. 2003 йил 15 ноябрда ташкил этилган партия бугун мамлакатимиздаги етакчи сиёсий кучлардан бирига айланди. Айни пайтда партия сафида 2 миллион 400 мингдан зиёд аъзо бирлашган.
Таъкидлаш лозимки, ўтган даврда ЎзЛиДеП тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида муҳим ташаббуслар билан чиқиб келмоқда.
Партия ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида бўлиб ўтган мажлисда ўтган даврда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Хусусан, партиянинг қонун ижодкорлиги, парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик фаолияти, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Шу билан бирга, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш ва партия ташаббусларини ҳаётга татбиқ қилиш борасидаги натижаларга эътибор қаратилди. Ҳаётий лойиҳаларнинг натижадорлиги муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида партия фаолияти самарадорлигини янада ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ва аҳоли ишончини мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА