Ўзбекистонда товарларни рақамли маркировкалаш қамрови кенгаймоқда
Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пулатов ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги вазир ўринбосари Яна Приёзжева, шунингдек Илғор технологияларни ривожлантириш маркази директорлар кенгаши раиси Михаил Дубин ўртасида товарларни рақамли маркировкалаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Россия томони Ўзбекистонда рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолаб, мазкур йўналишда эришилган ютуқлар минтақа учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Маркировка қилиниши лозим бўлган товарлар рўйхатини босқичма-босқич кенгайтириш ташаббуси нафақат давлат идоралари, балки маҳсулотларни контрафактдан ҳимоя қилишдан манфаатдор бўлган бизнес вакиллари томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди.

Музокаралар чоғида Россия ва Ўзбекистонда мажбурий маркировкаланадиган товарлар бўйича маркировка кодларини ўзаро тан олиш механизмларини соддалаштириш ҳамда унификация қилишга қаратилган ягона ҳужжатни ишлаб чиқиш ва имзолаш таклифи илгари сурилди.
Бундай ҳужжатнинг қабул қилиниши бугунги кунда амал қилаётган, узоқ муддатли идоралараро келишувларни талаб этувчи тарқоқ битимлар ўрнини босади. Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорликнинг ягона қоидаларини шакллантириш, қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ва тизим самарадорлигини ошириш имконини беради.

Учрашувда Солиқ қўмитаси томонидан солиқ тизимини изчил модернизация қилиш, шаффоф ва барқарор иқтисодий муҳитни шакллантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратиш билан бирга, яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Томонлар рақамли маркировкалаш тизими товарларнинг ноқонуний айланмасини қисқартириш, солиқ тушумларини ошириш, маҳсулот сифатини назорат қилиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг самарали восита эканини алоҳида таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар келгусида ҳам очиқ мулоқотни давом эттириш ва рақамли маркировкалаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.
Ш. МАМАТУРОПОВА,
ЎзА