Тарихий объектларга рухсатсиз реклама баннерлари ўрнатган фуқароларга чора кўрилди
Қадимий ва замонавийлик уйғунлашган шаҳарда маданий мерос объектларини сақлаш келажак авлодлар учун бебаҳо бойликни етказишда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда масъул ташкилотлар томонидан мунтазам назорат ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги ўрганишлар эса бу йўналишда ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жорий йилда Маданий мерос агентлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ Тошкент ҳудудидаги 28 та маданий мерос объектини батафсил ўрганиб чиқди. Мазкур мониторинг ишлари нафақат объектларнинг жисмоний ҳолатини баҳолаш, балки уларнинг тарихий ва меъморий қиёфасини сақлаш даражасини аниқлашга қаратилди.

Ўрганишлар натижасида бир қатор муаммолар юзага чиқди. Хусусан, айрим объектларда юза қисмларининг ифлослангани, ташқи омиллар таъсирида эскиргани кузатилди. Бу эса уларнинг умумий эстетик кўринишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яна ҳам жиддийроқ ҳолат, айрим объектларда тегишли рухсатномаларсиз таъмирлаш ишлари олиб борилгани, реклама баннерлари ўрнатилгани ҳамда тарихий юзаларга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилганидир. Бундай ҳолатлар маданий меросни сақлаш тамойилларига зид бўлиб, уларнинг асл қиёфасини йўқотиш хавфини туғдиради.
Мониторинг давомида алоҳида эътибор Шайхонтоҳур тумани ҳудудидаги Навоий кўчасида жойлашган объектларга қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси биноси юзасидан чуқурлаштирилган ўрганишлар олиб борилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бино юза қисмининг ранги ушбу кўча бўйича шакллантирилган меъморий концепцияга мос келмайди. Бундан ташқари, объект учун белгиланган муҳофаза белгиси ўрнатилмагани ҳам аниқланган. Бу эса муҳофаза тизимида ташкилий камчиликлар мавжудлигини англатади.

Шу кўчада жойлашган яна бир муҳим объект Алишер Навоий номли санъат саройи ҳудудида рухсатсиз реклама баннерлари ўрнатилгани аниқланиб, улар зудлик билан олиб ташланди. Бу ҳолат тижорат манфаатлари айрим ҳолларда тарихий муҳитдан устун қўйилаётганини кўрсатади.
Шунингдек, Навоий кўчасидаги марказий телеграф биноси ҳудудида рухсатсиз ер қазиш ишлари олиб борилгани аниқланиб, бу жараён дарҳол тўхтатилди. Бу каби аралашувлар нафақат бино конструкциясига, балки унинг тарихий қийматига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин.
Бундан ташқари, айрим объектларда рухсатсиз таъмирлаш ишлари, кондиционер қурилмаларининг меъёрларга зид ўрнатилиши каби ҳолатлар ҳам қайд этилди. Бу эса маданий меросни муҳофаза қилиш борасида назорат кучайтирилиши зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди. Шу билан бирга, тезкор чоралар кўрилгани ижобий жиҳат сифатида баҳоланиши мумкин. Аниқланган камчиликлар бўйича жойида кўрсатмалар берилиб, ноқонуний ҳолатлар бартараф этилди.

Тошкент шаҳрида олиб борилган мониторинг ишлари маданий меросни сақлаш масаласи доимий назоратни талаб қилишини яна бир бор кўрсатди. Тарихий объектлар шунчаки бино эмас, балки халқнинг ўтмиши, маданияти ва ўзлигини акс эттирувчи муҳим бойликдир.
Шу сабабли, уларни асраш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун бир жамиятнинг зиммасидаги масъулиятдир. Қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, ҳар қандай ўзбошимчаликнинг олдини олиш ва тарихий муҳитни сақлаш бўйича муросасиз чоралар кўриш бу йўлдаги энг муҳим омиллардан. Агар ушбу йўналишда тизимли ва изчил ишлар давом эттирилса, пойтахтнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш ва уни келажак авлодларга етказиш имконияти янада мустаҳкамланади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА