Ўзбекистонда илк бор толали зиғир экиб етиштирилди
Асрлар давомида юртимизда етиштириб келинадиган мойли зиғир маҳсулоти экологик тоза ва инсон саломатлиги учун фойдали саналади. Зиғирнинг тола берувчи турлари ҳам мавжудлигини кўпчилик билмаса керак.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Толали экинлар илмий-тадқиқот институти илмий жамоаси Беларусдан айнан тола берувчи зиғир уруғларини олиб келиб, унинг устида тадқиқот ишларини амалга оширди, фенологик жараёнлар кузатилди. Хўш, мазкур ўсимликнинг муҳим жиҳати нимада, юртимизда етиштириш имкониятлари қандай?
– Толали экинларнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти баланд, у аввало ўта сифатли ва тола чиқими юқори зиғир ҳисобланади, – дейди институт лаборатория мудири Дилшод Ғафуров. – Бугун толали зиғирдан ясалган хўжалик буюмлари, матоларга талаб ошган.
Лабораторияда таҳлил қилганимизда, ушбу экиннинг тола чиқими 18–25 фоизни ташкил этди, целлюлоза миқдори жуда ҳам юқори, яъни 85 фоизгача чиқди. Бунга толали экинлар ичида олиб борилган агротехник тадбирлар сабаб бўлди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА