Италия парламенти делегацияси Самарқандда
Италия Республикаси Парламенти Депутатлар палатаси депутати, “Италия – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари Фабрицио Бенцони бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларни томоша қилди.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди Фабрицио Бенцони. – Бу ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари туфайли ривожланмоқда. Биз ҳам Тошкентда “Италия – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳининг йиғилишида парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик, сунъий интеллект соҳасида қўшма лойиҳалар, илм-фан ва таълим алмашинуви, маданий-гуманитар йўналишлар ҳамда туризм соҳасида имкониятларни кенгайтириш масалалари бўйича келишувларга эришдик. Ўзбекистонлик дўстларимиз жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган 12-Глобал ёшлар парламенти форумига Италия делегациясини ҳам таклиф қилишди ва биз бу таклифни мамнуният билан қабул қилдик.
[gallery-28792]
Италия парламенти вакиллари қадимий Самарқанднинг бугунги қиёфаси янада кўркамлашиб, туризмнинг жадал ривожланиб бораётганини эътироф этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари