Ўзбекистонда илк бор Халқаро информатика олимпиадаси ўтказилади
2026 йилнинг 9–16 август кунлари Тошкент шаҳри 38-Халқаро информатика олимпиадасига (IOI 2026) мезбонлик қилади.
Ушбу кунларда пойтахтимиз 97 дан зиёд мамлакатдан келган 386 нафар ёш дастурчини бир ерга жамлайди.
Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) — 1989 йилдан буён мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ўртасида спорт дастурлаш бўйича ўтказиладиган дунёдаги энг йирик ва нуфузли мусобақа бўлиб, ҳар йили 90 дан ортиқ мамлакатнинг энг иқтидорли вакилларини бирлаштиради.
IOI Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 2023 йилда Олимпиадани ўтказиш ҳуқуқини мамлакатимиз қўлга киритган эди. Орадан икки йил ўтиб, 2025 йилда Боливияда бўлиб ўтган Олимпиаданинг ёпилиш маросимида Ўзбекистонга IOI байроғи тантанали тарзда топширилди ва шу тариқа Тошкент навбатдаги мезбон шаҳар мақомини расман мустаҳкамлади.
IOI 2026 олимпиадасида иштирок этиш учун АҚШ, Хитой, Германия, Сингапур, Корея Республикаси, Япония ва Буюк Британия каби 97 дан ортиқ мамлакатдан 386 нафар мактаб ўқувчиси рўйхатдан ўтган. Ҳамроҳлик қилувчи делегациялар, фахрий меҳмонлар ва халқаро қўмиталар аъзолари билан биргаликда иштирокчиларнинг умумий сони 900 нафардан ошади.
Саккиз кунлик дастур алгоритмик масалаларни ечишга бағишланган беш соатлик турлар, семинарлар, воркшоплар ҳамда Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига экскурсияларни ўз ичига олади.
Олимпиадани Тошкентда ўтказиш тўғрисидаги қарор IOI қўмитаси томонидан Ўзбекистон тақдим этган мезбонлик аризаси асосида қабул қилинди. 2027 йилда эса ушбу нуфузли мусобақага Германия мезбонлик қилади.
IOI 2026 олимпиадасида Ўзбекистон мезбон давлат сифатида иккита жамоа — миллий саралаш босқичларида энг юқори натижа кўрсатган 8 нафар иқтидорли ёшни халқаро майдонга олиб чиқади:
биринчи жамоа аъзолари — Жаҳонгир Шоҳ Авазхонов, Тимур Кадирбергенов, Жахонали Хайдаралиев ва Улуғбек Рахматуллаев;
иккинчи жамоа аъзолари — Сардор Салимов, Ҳумоюн Абдураупов, Улуғбек Камалов ва Равшан Раҳмиддинов. Иштирокчилар Президент мактаблари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб, Вестминстер академик лицейи ҳамда ТАТУ академик лицейи вакилларидир.
38-Халқаро информатика олимпиадаси Ўзбекистон мезбонлик қилаётган илк нуфузли IT мусобақаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, IT-таълим уюшмаси ва Рақамли таълимни ривожлантириш маркази IOI 2026 олимпиадасининг ташкилотчилари ҳисобланади.
Мазкур тадбир турли мамлакатлар ёшлари ва мутахассислари ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар яратади. 90 дан ортиқ давлатдан иштирокчилар ва делегацияларнинг ташрифи эса Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб этишга хизмат қилади. Кўплаб меҳмонлар учун бу Марказий Осиё билан илк танишув бўлади
Ҳамроз Баёнов, ЎзА