Дўстлик ва бағрикенглик – тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори
Шимоли-ғарбий ҳарбий округида Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Дўстлик фестивали” ташкил этилди.
Мазкур фестиваль мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, инсонийлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилган муҳим маънавий-маърифий тадбирга айланди.
Фестиваль доирасида “Биз ягона Ватан фарзандларимиз”, “Ўзбекистон – ягона Ватан”, “Қўшничилик ва бағрикенглик сабоқлари” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилди. Унда ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда турли миллий маданий марказлар фаоллари иштирок этиб, Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурматни таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида фикр алмашди.
Тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон ҳудудида турли миллат ва элат вакиллари ягона мақсад – Ватан равнақи, халқ фаровонлиги ва юрт тинчлиги йўлида аҳил ва иноқликда яшаб, бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлашди. Айнан ана шундай бирдамлик ва ҳамжиҳатлик мамлакатимиз тараққиётининг энг муҳим омилларидан бири сифатида эътироф этилди.
[gallery-30558]
Фестивалнинг бадиий қисми эса чин маънода дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрамига айланди. Унда турли миллат вакиллари томонидан халқ куй-қўшиқлари, миллий рақслар ҳамда урф-одатларни акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ранг-баранг маданий чиқишлар миллий қадриятларимизнинг бетакрорлиги, халқимизнинг бағрикенглиги ва ўзаро ҳурмат тамойилларини ёрқин ифода этди.
Тадбир давомида миллий маданият, ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналаридан иборат кўргазмалар ташкил қилиниб, иштирокчиларга юртимизнинг бой маданий мероси намойиш этилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги кўргазмали чиқишлар ҳамда турли танловлар ўтказилди. Ушбу беллашувлар ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, Ватанга садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялашга хизмат қилди.
Фестиваль якунида таъкидланганидек, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги, халқимизнинг куч-қудрати ҳамда барқарор тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир. Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлар жамиятимизда дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида юксак инсоний фазилатларни камол топтириш ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Зеро, ягона Ватанимизнинг тинчлиги ва равнақи, халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги ҳар бир фуқаронинг энг улуғ бойлиги, энг юксак қадрияти ҳисобланади. Дўстлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ҳукм сурган жамиятда тараққиёт барқарор, келажак эса янада порлоқ бўлади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари