Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни: муҳим келишувлар муҳокама этилди
Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган йирик халқаро форум – “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни” ўтказилди. “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ташкил этилган мазкур тадбир икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, инвестициявий шерикликни кенгайтириш ва саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.
Форум Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси – AHK томонидан, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Германия ҳукумат доиралари, халқаро молиявий институтлар, йирик саноат компаниялари, инвесторлар, бизнес доиралари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди. Тадбир Германия бизнесининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиши ортиб бораётгани, мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай имкониятлар ва иқтисодий ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганини яна бир бор намоён этди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, Германия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, саноат кооперацияси ва қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар ҳақида фикр билдирди.
[gallery-29479]
Анжуманнинг асосий мақсади икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш ва қўшма саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун янги имкониятлар яратишдан иборат бўлди. Форум доирасида бизнес юритишдаги мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, логистика ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
– Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда қатор соҳаларда жадал ривожланмоқда, - деди тадбирда сўз олган ГФРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер. – Ҳозирда Ўзбекистонда немис капитали иштирокидаги 200 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Айниқса, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик учун имкониятлар кенгайди. 2025 йилнинг бошида кучга кирган Миграция ва мобиллик соҳасидаги кенг қамровли шериклик битими бунинг учун самарали асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу шартнома ўзбекистонлик мутахассисларнинг Германияда қонуний ишлаши ва таҳсил олишини соддалаштирди.
Форум давомида икки асосий панель муҳокамаси бўлиб ўтди. Биринчи панель сифатида Ўзбекистонда фаолият юритаётган немис компаниялари ва инвесторлари фаолиятида долзарб бўлган масалалар муҳокама қилинди. Унда инвестиция сиёсати, маъмурий тартибларни соддалаштириш, ҳуқуқий кафолатлар ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳокамалар давомида инвесторларни қизиқтираётган амалий масалаларни тезкор ҳал қилиш ва янги саноат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар қайд этилди.
– Компаниямиз Ўзбекистондаги фаолиятини 2018 йилда бошлаган, - дейди “SCHNEIDER GROUP” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Назокат Расулова. – Ҳозирда 100 дан зиёд ташкилотга бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва юридик маслаҳатлар каби консалтинг хизматларини кўрсатиб келаяпмиз. Мақсадимиз Ўзбекистонга чет эл бизнесини жалб этиш.
Форумнинг кейинги мавзуси касбий таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликка бағишланди. Унда Германия тажрибаси асосида дуал таълим тизимини ривожлантириш, ишлаб чиқариш учун малакали мутахассислар тайёрлаш ва таълим дастурларини саноат эҳтиёжларига мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, Германия стандартларига мувофиқ амалга оширилаётган касбий тайёргарлик дастурлари мамлакатимизда меҳнат бозорини ривожлантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Тадбир якунида мамлакатимиз ҳамда Германия ўртасидаги иқтисодий шерикликни янада кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА