Ўзбекистонда фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси яратилмоқда
Бугунги кунда ҳудудлар, табиий ресурслар, инфратузилма объектлари, аҳоли ва хўжалик фаолиятига оид аниқ, ишончли, долзарб ҳамда геофазовий боғланган маълумотлар давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларида муҳим ахборот ресурси сифатида намоён бўлмоқда.
Рақамли ҳукумат трансформациясининг жадаллашуви, шаҳар ва ҳудудларнинг урбанизация даражаси ортиши, инфратузилма объектларининг кенгайиши, ер ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини мақбул жойлаштириш, экологик мониторинг, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ҳудудларни комплекс режалаштириш каби жараёнлар фазовий маълумотларга бўлган эҳтиёжни тобора оширмоқда.
— Жаҳонда сунъий йўлдош тасвирлари, масофадан зондлаш, GNSS технологиялари, 3D-моделлаштириш, сунъий интеллект, рақамли эгизаклар (Digital Twin) ва бошқа инновацион ечимларнинг жадал ривожланиши фазовий маълумотларни яратиш, янгилаш, таҳлил қилиш ва улардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда, — дейди Кадастр агентлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Зокиров. — Шу нуқтаи назардан, фазовий маълумотлар бугун оддий хариталаш воситасигина эмас, балки давлат бошқаруви ва хусусий секторда стратегик қарорлар қабул қилишни қўллаб-қувватловчи муҳим рақамли инфратузилмага айланмоқда.
Дарҳақиқат, муайян ҳудуднинг инфратузилма салоҳияти, ер ресурслари, транспорт тармоқлари, муҳандислик коммуникациялари, аҳоли жойлашуви ва бошқа кўрсаткичларни ягона фазовий муҳитда таҳлил қилиш инвестиция лойиҳаларини режалаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудудлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
Мамлакатимизда ҳам замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда фазовий маълумотлар соҳасини ривожлантириш, уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва соҳада ягона ёндашувни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан давлат органларининг фазовий маълумотлар соҳасидаги ваколатлари, Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси (ФММИ), уни шакллантириш ва юритиш тартиби, ФММИ таркибига кирувчи фазовий маълумотларнинг турлари ҳамда уларни тақдим этиш шартлари белгилаб берилди.
Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда фазовий маълумотларни шакллантириш, сақлаш, янгилаш, алмашиш ва улардан самарали фойдаланишнинг ягона ҳуқуқий асосини яратишда муҳим қадам бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фазовий маълумотлар ва геоахборот тизимларини ривожлантириш бўйича қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ФММИнинг асосий таркибий қисмларидан бири ҳисобланган Давлат кадастрлари ягона тизими (ДКЯТ) шакллантирилди. Миллий географик ахборот тизимини яратиш мақсадида икки босқичдан иборат йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Шунингдек, давлат кадастрларини юритувчи вазирлик ва идоралар билан тармоқ орқали маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. Фазовий маълумотлар соҳасида стандартлаштириш бўйича техник қўмита ташкил қилиниб, халқаро стандартлар ўрганилмоқда ва улар асосида миллий стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар турли вазирлик ва идораларда шаклланаётган маълумотларни ягона тизим асосида бирлаштириш, уларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, фойдаланувчилар учун маълумотларнинг очиқлиги ва қулайлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда ФММИни шакллантириш ва унинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Ҳудудларни барқарор ривожлантириш учун фазовий маълумотлар инфратузилмаси» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида замонавий техник ва дастурий таъминотларни жорий этиш, ФММИ маълумотлар марказини ташкил қилиш, GNSS CORS тармоғини кенгайтириш, лазерли сканерлаш технологияларини жорий этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ФММИ геопортали ҳамда геопорталлар тармоғини яратиш, манзиллар реестри тизимини модернизация қилиш, соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш ва кадрлар салоҳиятини юксалтириш каби муҳим вазифалар белгиланган.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши фазовий маълумотларни замонавий технологиялар асосида шакллантириш ва улардан давлат бошқаруви ҳамда иқтисодиёт тармоқларида кенг фойдаланиш учун зарур инфратузилмани янада такомиллаштириш имконини беради.
Фазовий маълумотларнинг ягона миллий инфратузилмасини шакллантириш мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратади. Хусусан, ер муносабатлари ва кадастр, қурилиш ва шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, экологик мониторинг, коммунал инфратузилма, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга жавоб қайтариш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини режалаштиришда геофазовий маълумотлардан фойдаланиш қарор қабул қилиш жараёнининг тезкорлиги ва самарадорлигини оширади.
Масалан, шаҳарсозликда ҳудуднинг мавжуд ҳолатини рақамли кўринишда баҳолаш, янги объектларни жойлаштиришда инфратузилма имкониятларини ҳисобга олиш, транспорт оқимларини таҳлил қилиш ва муҳандислик коммуникацияларини режалаштиришда аниқ фазовий маълумотлар муҳим аҳамият касб этади. Қишлоқ хўжалигида эса ерларнинг ҳолати ва унумдорлигини мониторинг қилиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда экин майдонларини назорат қилишда замонавий геоахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда.
Келгусида фазовий маълумотларни сунъий интеллект, рақамли эгизаклар, масофадан зондлаш ва бошқа илғор технологиялар билан интеграция қилиш ҳудудларни бошқариш ва ривожлантиришнинг янги ёндашувларини шакллантириши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА