Ҳомиладорлик ва касаллик нафақалари энди «Барака» картасига ўтказилади
Давлат ижтимоий суғуртаси тизимида нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартиби рақамлаштирилмоқда.
Давлат ижтимоий суғуртаси тизимида фуқароларга ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) нафақаларини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби жорий этилди. Энди тайинланган нафақа маблағлари фуқаронинг «Барака» ижтимоий картасига тўғридан-тўғри ўтказиб берилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, мазкур тартиб нафақа олиш жараёнини соддалаштириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш ҳамда ижтимоий тўловларни фуқароларга тезкор ва қулай етказиб беришга қаратилган.
Агар фуқарода «Барака» ижтимоий картаси мавжуд бўлса, ҳомиладорлик ва туғиш ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тайинланганидан сўнг маблағлар қўшимча ариза ёки мурожаат талаб этилмаган ҳолда автоматик равишда ушбу картага ўтказилади. Бунда фуқаронинг банкка бориши, алоҳида ҳисоб рақами очиши ёки нафақани олиш учун қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши талаб қилинмайди. Бу, айниқса, касаллик ёки ҳомиладорлик даврида бўлган фуқаролар учун нафақа маблағларидан фойдаланиш жараёнини анча енгиллаштиради.
Фуқарода «Барака» ижтимоий картаси мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам нафақа олиш жараёни тўхтаб қолмайди. Нафақа тайинланганидан кейин фуқаро учун «Барака» мобил иловаси орқали виртуал ижтимоий карта автоматик равишда очилади. Тайинланган нафақа маблағлари ана шу виртуал картага ўтказиб берилади. Муҳими, виртуал ижтимоий картага эга бўлиш учун банкка бориш ёки алоҳида мурожаат қилиш шарт эмас. Фуқаро карта ва унга тушган маблағлар ҳақидаги маълумотларни «Барака» мобил иловаси орқали кўриши мумкин.
Нафақа тайинланганидан сўнг фуқаро «Барака» мобил иловасига кириб, виртуал ижтимоий картаси, унга келиб тушган маблағлар ва тўловлар ҳақидаги маълумотларни кўриши мумкин. Шунингдек, илова орқали карта билан боғлиқ маълумотларни кузатиб бориш имконияти мавжуд. Шу боис ҳомиладорлик ва туғиш ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тайинланган фуқароларга «Барака» мобил иловасидаги маълумотларни мунтазам текшириб бориш тавсия этилади.
Фуқарога жисмоний пластик карта зарур бўлса, уни «Барака» мобил иловаси орқали буюртма қилиш мумкин. Шу билан бирга, касаллик нафақаси тайинланган фуқароларга «Барака» ижтимоий картаси бепул расмийлаштириб берилади. Янги тартибнинг асосий мақсади — ижтимоий суғурта тўловларини олиш жараёнини янада соддалаштириш.
Энди фуқаро нафақа тайинлангандан кейин банкка бориш, алоҳида ҳисоб рақами очиш ёки қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш каби ортиқча жараёнларга дуч келмайди. Тўловларнинг электрон шаклда амалга оширилиши маблағларни фуқарога тезкор, қулай ва шаффоф тарзда етказиш имконини беради. Шунингдек, «Барака» ижтимоий картаси орқали нафақа маблағларини қабул қилиш фуқароларга ўз тўловларини онлайн кузатиш ва улар ҳақидаги маълумотлардан тезкор фойдаланиш имконини яратади. Умуман, мазкур янгилик давлат ижтимоий суғуртаси тизимини рақамлаштириш, ижтимоий тўловларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда муҳим қадам бўлмоқда.
Қисқача айтганда, нафақа тайинланиши билан уни олиш жараёни ҳам автоматлаштирилади: «Барака» картаси бор бўлса — маблағ шу картага, карта бўлмаса — виртуал ижтимоий картага ўтказилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА