Ўзбекистонда аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги имкониятлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистонда аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги имкониятлари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Бу борадаги ишларнинг давоми сифатида 2025 йилда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий ва республика дастури тасдиқланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги тегишли қарори билан “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланган. Унда жорий йилда 635 минг хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси белгиланди.
[gallery-22012]
Ушбу дастур доирасида, жорий йил январь ойининг ўзида 71 минг 851 нафар хотин-қизлар касб-ҳунар, тадбиркорлик ва томорқачилик бўйича ўқитилди. 13 минг 507 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди. 11 минг 43 нафар хотин-қизга 708,9 миллиард сўм кредит, 679 нафарига субсидия ажратилди.
91 та хонадонда кичик ишлаб чиқариш цехи, 4 та ҳунармандчилик саноат маркази, 113 та соғлом оила маслаҳатхоналари ташкил этилди.
11 та туманда Оила ва хотин-қизлар масканлари, 2 та хотин-қизларни ривожлантириш марказлари, 64 та хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази ташкил этилди.
17 минг 663 нафар хотин-қиз лидер тадбиркор аёлларга, 29 минг 720 нафар хотин-қиз ҳунармандларга бириктирилди.
11 минг 994 нафар хотин-қизлар миграциядан қайтарилди ва улардан 3 минг 41 нафари бандлиги таъминланди. Аёлларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш борасидаги жараён давом этмоқда.
Конференцияда “Аҳоли бандлигини таъминлашда берилган имтиёз ва имкониятлар”, “Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилишда банк имтиёзли кредитлари”, “Инвестиция, саноат ва савдо тизимида тадбиркорларга яратилган имкониятлар”, “Тадбиркорлик учун яратилган солиқ имтиёзлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Назокат Усмонова,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА