Ўзбекистон жаҳон матбуоти саҳифаларида
Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, давлат бошқарувини модернизация қилиш ҳамда ташқи сиёсатда очиқлик ва прагматизмни кучайтириш бу жараённинг устувор йўналишларига айланган.
Ислоҳотлар ички тараққиётни рағбатлантириб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини сезиларли даражада оширмоқда. Жаҳоннинг нуфузли оммавий ахборот воситалари юртимиздаги янгиланишларни турли йўналишларда таҳлил қилиб, жараённинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мир24: Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари
қадимий Бухоро бўйлаб сайр қилди
Россиянинг “MIR24” нашри Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари давлат ташрифи доирасида Бухоро шаҳридаги тарихий обидалар билан танишгани ҳақида хабар тайёрлади. Материалда давлат раҳбарлари шаҳарнинг кўп асрлик маданий мероси ва меъморий ёдгорликларини биргаликда кўздан кечиргани таъкидланган. Бундай ташрифлар икки мамлакат ўртасидаги яқин ҳамкорликнинг рамзи сифатида баҳоланган.
The Telegraph: 2026 йил сайёҳлар энг кўп ташриф буюрган мамлакатлар
Буюк Британиянинг “TheTelegraph” нашри 2026 йил сайёҳларни фаол жалб қилаётган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни ҳам киритган.
Хусусан, мамлакатимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлари, Ипак йўлидаги мероси ва бой тарихий муҳити туристлар учун жозибадор эканига урғу берилган.
The Times of India: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс истиқболини ифодалайди
Ҳиндистоннинг “The Times of India” нашри махсус мақола орқали Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси марказини Янги Ўзбекистоннинг “Учинчи Ренессанс” ғояси ифодаланган йирик илмий-маданий лойиҳа сифатида баҳолаган. Шунингдек, Марказ мамлакатнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш ва жаҳонга намоён этишда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилган.
See.news: Амир Темур ва дипломатия
Мисрнинг “See.news” нашрида эса Амир Темурнинг дипломатик фаолиятига бағишланган мақола чоп этилган. МуаллифСоҳибқироннинг халқаро муносабатлар тарихида тутган ўрни, давлат бошқаруви ва дипломатиядаги ёндашувини таҳлил қилишга уринган.
APP: Ўзбекистон агросаноати жаҳон миқёсига чиқмоқда
“Associated Press of Pakistan” манбасида Ўзбекистон агросаноат тармоғи халқаро бозорга фаол чиқиш босқичига киргани таъкидланган. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан экспорт кўлами кенгайиши, қайта ишлаш ва замонавий технологияни жорий қилиш орқали агросаноат маҳсулотлари халқаро талабга мослаштирилаётгани ҳақида сўз юритилган. Айни жараён мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаши, глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаши эътироф этилган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА