Энергетика, сиёсат ва уруш: XXI аср можаролари ресурслар туфайлими?
XXI аср геосиёсий манзарасида кучлар мувозанати фақат ҳарбий салоҳият ёки мафкуравий таъсир эмас, балки ресурслар устидан назорат билан ҳам белгиланмоқда. Айниқса нефть, газ, уран ва ҳатто “яшил энергия” учун зарур стратегик моддалар атрофидаги рақобат глобал сиёсат марказига чиқди. Зеро, дунёда содир бўлаётган кўплаб можаро ва зиддиятлар ортида айнан энергетика манфаати ётгани тобора ойдинлашмоқда.
Сўнгги йилларда халқаро таҳлил марказлари, жумладан БМТга қарашли ташкилотлар, Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ва бошқа нуфузли тузилмалар ҳисоботларида энергетика глобал хавфсизликнинг ажралмас қисми сифатида баҳоланмоқда. Яъни, энергия ресурслари учун рақобат нафақат иқтисодий ўсиш, балки давлатлар ўртасидаги сиёсий муносабатга бевосита таъсир кўрсатиб, ҳатто ҳарбий қарама-қаршиликка ҳам олиб келмоқда.
Масалан, Россия – Украина уруши энергия омили замонавий геосиёсатда қандай аҳамиятга эгалигини яққол намоён қилди. Европа давлатлари РФ газига юқори даражада боғлиқлиги уруш бошлангач, жиддий инқироз хавфини келтириб чиқарди. Натижада Европа Иттифоқи энергия таъминотини диверсификация қилиш, яъни янги манбалар ва ҳамкорлар излашга мажбур бўлди. Айни пайт Россия ҳам ўз экспорт йўналишини Осиё бозорига буриш орқали янги геоиқтисодий стратегия шакллантиришга киришди.
Қолаверса, Яқин Шарқдаги кескинлик ҳам энергетика ва сиёсат ўртасидаги мураккаб боғлиқликни янада чуқурлаштирмоқда. Эрон – Исроил зиддияти, Қизил денгиз орқали ўтадиган транспорт йўлакларидаги хавфсизлик муаммоси нефть нархи ўзгарувчанлиги ва глобал таъминот занжири узилишига сабаб бўлмоқда. Экспертлар таъкидлашича, энергетика инфратузилмаси – қувур, терминал ва портлар замонавий можарода стратегик нишон сифатида кўриляпти.
Бундан ташқари XXI асрда энергетика рақобати фақат анъанавий ресурслар билан чекланмаяпти. Яшил энергетикага ўтиш жараёни ҳам янги турдаги геосиёсий рақобатни шакллантирмоқда. Маълумки, литий, кобальт ва никель электр энергияси аккумулятори ва қайта тикланувчи энергия технологияси учун асосий ресурс ҳисобланади. Айни шу жиҳат Африка, Лотин Америкаси ва Осиёда жойлашган табиий захирага эга давлатларни глобал сиёсатда аҳамият касб этувчи янги иштирокчиларга айлантирмоқда.
Таниқли геосиёсатшунослардан бири “энергетика ресурслари устидан назорат XXI асрда ҳудудий назоратдан кам аҳамиятга эга эмас” дея таъкидлайди. Бошқа экспертлар гуруҳи эса, энергия манбалари устидан назорат нафақат иқтисодий устунлик, балки сиёсий босим ўтказиш воситаси сифатида ҳам қўлланаётгани боис, бугунги можароларни “ресурслар уруши” деб аташ таклифини илгари сурмоқда.
Глобал энергетика бозоридаги бундай ўзгариш мамлакатлар ўз ташқи сиёсат стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқишига олиб келяпти. Айниқса энергия импортига боғлиқ мамлакатлар учун энергетик мустақиллик масаласи миллий хавфсизлик даражасига кўтарилмоқда. Энергия экспорт қилувчи давлатлар эса ўз ресурсларидан геосиёсий таъсир воситаси сифатида фойдаланишга интилмоқда.
Янги транспорт ва логистика йўлаклари учун кураш ҳам рақобатнинг ажралмас қисмига айланди. Қувур йўналиши, денгиз йўли ва темир йўл инфратузилмаси атрофидаги келишмовчилик айрим ҳолларда сиёсий инқирозни баттар чуқурлаштирмоқда. Бу жараёнда Марказий Осиё каби стратегик ҳудудлар ҳам қудратли давлатлар манфаати тўқнашуви марказига айланмоқда. Шу тариқа XXI асрда энергетика, сиёсат ва уруш ўртасидаги боғлиқлик янги босқичга чиқди.
Глобал жараённинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, энергетика ресурслари атрофидаги рақобат энди анъанавий уруш шакли билан чекланмаяпти. Замонавий шароитда иқтисодий санкция, логистика чеклови ва технологияга кириш имкониятини назорат қилиш каби воситалар ҳам энергетик босимнинг самарали механизмига айланди. Масалан, айрим юртларга нисбатан жорий этилган санкция нафақат иқтисодиёт, балки глобал энергия бозоридаги нарх ва таъминот барқарорлигига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат энергия сиёсий восита сифатида қўлланаётганига яна бир далил.
Шу ўринда Хитойнинг энергетика стратегияси алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу давлат энергия импорт қилувчи йирик бозор бўла туриб, қайта тикланувчи энергия технологияси ишлаб чиқаришда етакчига айланди. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида энергетика инфратузилмасига сармоя киритиш, қувур ва электр тармоғини ривожлантириш ХХРнинг геосиёсий таъсирини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Экспертлар фикрича, Пекин шундай сиёсат билан узоқ муддатли ресурс хавфсизлигини таъминлашга интилиши келажакда янги рақобат ўчоғини шакллантириши мумкин.
Бошқа томондан Европа Иттифоқи ва АҚШнинг “яшил ўтиш” сиёсати ҳам глобал кучлар мувозанатига таъсир этмоқда. Карбон чиқиндини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ва углерод солиғини жорий этиш каби чоралар айрим давлатлар учун янги молиявий қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. Айниқса иқтисодиёти нефть ва газ экспортига боғлиқ ўлкалар ўз ривожланиш моделини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Шу жиҳатдан энергетика трансформацияси жараёни ҳам янги турдаги геосиёсий қарама-қаршиликларни юзага келтирмоқда.
Мутахассислар таъкидлаган яна бир муҳим масала энергетика инфратузилмасининг заифлиги ва можарода нишонга айланиши хавфидир. Кибер ҳужум, босқин ёки ҳарбий ҳаракат орқали электр станцияси, нефть қувури ва газ терминалига зарар етказиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса энергия таъминоти узилиши орқали бутун минтақада ижтимоий-иқтисодий беқарорлик келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, энергетика хавфсизлиги тушунчаси энди фақат ресурслар мавжудлиги билан эмас, балки захирани ҳимоя қилиш қобилияти билан ҳам ўлчанмоқда.
Марказий Осиё мисолида ҳам шу тенденция аниқ кўзга ташланади. Бой энергетика ва транзит салоҳиятига эга минтақамиз йирик давлатлар диққат марказида турибди. Газ ва электр энергияси алмашинуви, гидроэнергетика лойиҳалари ва транспорт йўлаклари атрофидаги келишувлар бу ҳудудни стратегик аҳамиятга эга маконга айлантирмоқда. Шу билан бирга сув-энергия муаммоси ҳам келажакда эҳтимолий зиддият манбаи сифатида кўриляпти. Натиажада минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш долзарб вазифага айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан энергетика соҳасида барқарорликни таъминлаш йўлидаги халқаро ҳамкорлик аҳамияти ортмоқда. Тўғри, кўп томонлама келишув, умумий қоида ва шаффоф бозор механизми ресурслар учун кескин рақобатни юмшатиш имконини беради. Бинобарин, амалиёт давлатлар кўпинча миллий манфаатни устувор қўйган ҳолда, алоҳида сиёсат юритишни маъқул кўраётганини кўрсатмоқда. Оқибатда глобал келишувга эришиш мураккаблашмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, XXI асрда ресурс масаласи халқаро муносабатлар тизимининг муҳим омилига айланди. Эндиликда энергетика шунчаки иқтисодий тараққиёт асоси эмас, балки сиёсий таъсир, стратегик устунлик ва хавфсизликни таъминлаш воситаси сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Шу боис, келгусида ҳам энергия манбалари атрофидаги рақобат турли шаклда давом этиши тахмин қилиняпти. Масаланинг ечими эса ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш тамойилини илгари суриш орқали топилиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА