Ўзбекистон вакиллари наркожиноятларга қарши курашиш бўйича Жанубий Кореяда малака оширмоқда
Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тегишли ташкилот идоралари ходимлари, шу жумладан, Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги вакиллари Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан ташкил этилган "Capacity Building on National Drug Control" махсус ўқув дастурида иштирок этмоқда.
2026 йил 24 октабрга қадар давом этадиган мазкур лойиҳа Корея криминология ва адлия институти ҳамда KOICA кўмагида ташкил этилди.
Мазкур ўқув дастури Ўзбекистон учун тўртта асосий стратегик имкониятни тақдим этади. Жумладан, рақамли назорат ва сунъий интеллект: Жанубий Кореянинг киберхавфсизлик ва Big Data (катта маълумотлар) технологиялари асосида наркотрафик ҳамда синтетик наркотикларни аниқлашнинг рақамли тизимлари миллий амалиётимизга жорий этилади.
Грантлар ва техник кўмак: дастур доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан ишлаб чиқиладиган махсус Ҳаракатлар режаси асосида юртимиздаги криминалистик лаборатория ва наркологик марказларни модернизация қилиш учун KOICA грантларини жалб қилиш имконияти яратилади.

Инновацион профилактика ва даволаш: ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши ижтимоий иммунитетни шакллантиришнинг замонавий медиа-моделлари ҳамда беморларни тиббий-руҳий соғломлаштириш бўйича Корея тажрибаси татбиқ қилинади.
Халқаро тезкор ҳамкорлик: Ўзбекистонлик амалдорлар трансмиллий наркожиноятларга қарши реал вақт режимида тезкор маълумот алмашиш учун халқаро экспертлар ва Интeрпол каби тузилмалар билан тўғридан-тўғри алоқа тармоғини йўлга қўядилар.
Ушбу ўқув дастури давлат органларига гиёҳвандлик моддалари устидан назоратни халқаро андозалар даражасига олиб чиқиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва миллий тизимни модернизация қилиш учун зарур бўлган "инсон капитали" ва тайёр ечимларни беради.
Н.Абдураимова, ЎзА