Юк етказишда “яшил йўлаклар” масаласи кўриб чиқилди
Ўзбекистонда замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Германиянинг “Rhenus SE & Co.” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Андреас Штёкли билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Жумладан, “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ ва “Rhenus” компаниялар гуруҳи томонидан ташкил этилган “UzContargo” МЧЖ қўшма корхонаси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Андижондаги юк терминалини реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда Ўзбекистонга юк етказиб бериш муддатларини қисқартириш мақсадида “яшил йўлаклар” ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳанинг боришига алоҳида тўхталди. Вазир Андижонда замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш янги халқаро транспорт йўлагининг жозибадорлигини ошириш ҳамда мамлакат транзит салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, “Rhenus” компанияси вакили Андреас Штёкли Тошкент вилояти, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида юк терминалларини ривожлантириш лойиҳаларида бундан кейин ҳам фаол иштирок этишдан манфаатдор эканини билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт-логистика хабига айланиш борасидаги имкониятларини юқори баҳолади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА