Ўзбекистон ва Япониядан сунъий интеллект бўйича янги қадам
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари ўртасида сунъий интеллект, рақамли трансформация ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган устувор вазифалар, жумладан, АТ хизматлари экспортини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш, электрон ҳукумат бўйича дунёнинг ТОП-30 давлатлари қаторига кириш ҳамда 300 минг нафар юқори малакали АТ мутахассисларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдим этилди.

Шунингдек, AI Leaders дастури, сунъий интеллект саводхонлигини оширишга қаратилган таълим ташаббуслари ҳамда 3000 дан ортиқ халқаро курсларни ўзбек тилига таржима қилиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Томонлар Ўзбекистон АТ соҳасининг жадал ривожланаётганини, 2025 йилда АТ хизматлари экспорти ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошгани ҳамда бугунги кунда IT Park Uzbekistan резиденти сифатида қарийб 4000 та компания фаолият юритаётганини алоҳида қайд этди.

Учрашувда япон тили, рақамли инжиниринг, сунъий интеллект ва инновациялар бўйича таълим берувчи “Japan–Uzbekistan Digital AI Center” марказини ташкил этиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, сунъий интеллект бошқаруви, рақамли салоҳиятни ривожлантириш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар, ёшлар таълими ва келажак рақамли иқтисодиётини ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА