“Медиа ҳафталик” кун тартибида блогерлик ва ахборот хизмати (+видео)
Фарғонадаги "Медиа ҳафталик"нинг бугунги машғулотлари ўзгача бошланди. Дастлаб тренерлар гуруҳ иштирокчиси бўлган вилоятдаги ҳокимликлар, идора ва ташкилотлар ахборот хизмати раҳбарлари учун уларнинг касбий билим даражаларини синовчи тест сўровлари ўтказишди. Бу бежиз эмасди. Чунки, гарчи ахборот хизматлари янгидан ташкил топганига ҳам 5-6 йил бўлган бўлсада, амалда унинг вазифаларини турлича талқин қилувчи ва қўлловчилар бор.
– Ахборот хизмати раҳбари, энг аввало, давлат билан халқ ўртасида кўприк бўлиши лозим, – дейди Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Анваржон Жўраев. – Бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларни халқимизга тезкор, ҳаққоний таҳлил қилиб етказишимиз керак.


– Ахборот хизмати раҳбари журналист эмас, раҳбарининг камчиликлари, корхонадаги коррупцион ҳолатларни яширадиган адвокат ҳам эмас. Ахборот хизмати раҳбари оммавий ахборот воситалари ходимлари билан тизимли равишда иш олиб бориши керак. Шахсан мен ҳиссадорлик жамиятимизда бўлаётган ислоҳотлар, қилинаётган ишлар ва рақамлар ҳақида маълумотларни бериб тураман, – дейди “Фарғонасувтаъминот” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Ўтанбоев.


Шундан сўнг уларга ахборот соҳасини тартибга солувчи қонунлар, фаолият самарадорлигини баҳолашдаги очиқлик каби касб билан боғлиқ мавзуларда қизиқарли марузалар қилинди, ўзаро фикр алмашилди.
Ижтимоий тармоқда блогерлар ўрни, улар тарқатаётган ахборот манбаларининг ишончлилиги, субъектив ва объектив томонлари, фикр ва манипулация каби баҳс ҳамда мунозарали мавзуларда мулоқот фикр алмашув шаклида ўтказилди.


– Замон сунъий интеллект даврига ўтганидан кейин шиддат билан ўзгаряпти. Ҳар куни қандайдир янгилик, айниқса, медиа соҳасида фойдаланиш учун турли хил сайтлар, қўлланмалар, иловалар чиқиб кетди, – дейди тренер Жалолиддин Мирзаев. – Кўплаб ҳамкасбларимиз бу технологияларни билишади, лекин мақсадга олиб борадиган янги йўллар контент маркази томонидан ишлаб чиқилди. Ўз навбатида бу ердаги медианинг ҳозирги кундаги босқичи, қандай даражага етгани, нима камчиликлари бор, қандай ёрдам қила оламиз, қўллаб-қувватлаш йўналишларини ҳам ўрганяпмиз.

– Блогерларга бу жуда ҳам фойдали, деб ўйлайман. Сабаби, бундай медиа ҳафталик олдин бўлмаган. Уни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ёшларга илм ўргатиш, деб тушуняпмиз, – дейди фаол блогер, “Ferganamedia.uz” сайти асосчиси Шуҳратжон Эсонов. – Ёлғон маълумотга алданиб қолмаслик учун сайтлар орқали чиқарилган, тарқатилган фейк хабарларни текширишни ўрганиш мумкин экан. Бу янгиликларни келгуси фаолиятимизда қўллаймиз.

"Медиа ҳафталик" доирасида блогерлар IT соҳасидаги бир қатор янгиликлардан ҳам хабардор қилинди.

– SMM, мобилографига қизиқадиган ёшлар келяпти. Улар учун ташкил этилган бепул курсларимиздан кўпчиликнинг хабари йўқ. Улар Фарғонада ташкил этиляпти, – дейди Жалолиддин Мирзаев. – Вайнерлик, блогерликка ўргатадиган “Дебют” деб номланган клубимиз бор. Aura.uz деган янги платформа ҳам ташкил этганмиз. Уни Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб очдик. Унда Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ҳақида сифатли, расмли, видеоли материаллар жамланган. Барча контентлардан бепул фойдаланиш мумкин.
Эртага "Медиа ҳафталик"да SMM ва мобилографияга қизиққан ёшлар учун махсус машғулотлар ташкил этилиши кутилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/I0GyT4z7-iY" title="“Media haftalik” kun tartibida blogerlik va axborot xizmati" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА