Давлатлараро дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ҳамда парламентлараро мулоқотни ривожлантириш мақсадида кўплаб мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик ва дўстлик гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий мажлиси ўртасида ҳам парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳлар ташкил этилган.
Мазкур гуруҳларнинг онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги муносабатлар қадимий тарихий илдизларга эга эканлиги қайд этилди.

Бугунги кунда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли барча соҳаларда ҳамкорлик тобора изчил ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда ўтказилган олий даражадаги учрашув ва ташрифлар ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
Маданий-гуманитар соҳада ўзаро ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университетида Вьетнам тили ва маданияти маркази фаолият юритиши, шунингдек, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, бу эса, халқлар ўртасида яқин муносабатларни мустаҳкамлаётгани таъкидланди.
Учрашув якунида ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, уларнинг ҳар йили камида бир марта қўшма йиғилишини ўтказиш ҳамда навбатдаги қўшма йиғилишни Ўзбекистонда ташкил этишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА