Ўзбекистон ва Тожикистон: таълим ва илм-фанда ҳамкорлик
Асрлар давомида бир ҳудудда яшаб, ўзаро маданият ва илм-фанни бойитиб келган икки халқ – Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари бугунги кунда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги самарали мулоқотлар натижасида ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.
Олий таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. 2025 йилга келиб университетлар ўртасида 20 дан ортиқ ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, академик алмашинув, қўшма илмий тадқиқотлар, шунингдек, 2+2 ва 1+1 каби қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди.

Мазкур жараёнлар Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва интеграцияни янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, илм-фан ва таълим соҳасидаги алоқалар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Университетлар ўртасида қўшма илмий тадқиқотлар, академик алмашинув дастурлари ва халқаро конференциялар мунтазам ташкил этилмоқда. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар, магистратура ва докторантура дастурларини амалга ошириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Замонавий таълим технологияларини жорий этиш, рақамли платформаларни ривожлантириш ва илмий натижаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш соҳаларида ҳам тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Бу борада Бухоро давлат техника университети ҳам фаол иштирок этмоқда. Университет ректори Садоқат Сиддиқова таъкидлаганидек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш олий ўқув юртининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Университет делегацияларининг Тожикистонга хизмат сафарлари доирасида қатор нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Жумладан, Академик М.С. Осимий номидаги Тожикистон техника университети, Тожикистон технологиялар университети ҳамда Кўлоб технологиялар ва инновацион менежмент институти билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди.


Мазкур келишувлар доирасида ўқув жараёнини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, методик тажриба алмашиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, халқаро конференция ва семинарлар ташкил этиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Шунингдек, 2+2 ва 1+1 қўшма таълим дастурлари асосида бакалавр ва магистратура йўналишларида кадрлар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилмоқда.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги қўшма лойиҳалар, академик алмашинув ва илмий изланишлар икки давлат ёшларининг билим ва салоҳиятини оширишга, минтақада илм-фан тараққиётига кенг имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири