Ўзбекистон ва Татаристон фанлар академиялари илмий шерикликни кенгайтиради
Илм-фан соҳасидаги халқаро ҳамкорлик фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, илмий тажриба алмашиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этишнинг устувор омили ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, етакчи илмий муассасалар ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотлар кўламини кенгайтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Қозон шаҳрига амалга оширилган ишчи ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Ш.Аюпов ҳамда Татаристон Республикаси Фанлар академияси президенти Р. Минниханов икки муассаса ўртасида 2026–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик режасини имзолади.
Мазкур ҳужжат 2025 йилда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумининг мантиқий давомидир. У икки томонлама илмий алоқаларни изчил ривожлантириш, тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни тизимли йўлга қўйиш ҳамда фундаментал ва амалий изланишлар соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлашни кўзда тутади.
Ҳамкорлик режаси физика-математика, техника, кимё-биология ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишларини қамраб олади. Ҳужжатда устувор илмий йўналишларда қўшма тадқиқотлар олиб бориш, олимлар ўртасида тажриба алмашиш, илмий анжуман ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, икки академия таркибидаги илмий ташкилотлар ўртасида бевосита алоқаларни кенгайтириш кўзда тутилган, дейилади Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси маълумотида.
Режада ёш олимлар ва тадқиқотчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, илмий кадрлар тайёрлаш борасида тажриба алмашиш ҳамда ёш авлод вакилларининг халқаро илмий ҳамкорликдаги иштирокини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса илмий мактаблар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва янги авлод тадқиқотчиларининг салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА