35 йиллик МДҲ: Ўзбекистон учун бу майдон энди нимани англатади?
2026 йил декабрда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкил топганига 35 йил тўлади. Шу давр мобайнида МДҲнинг ўзи ҳам, аъзо давлатлар ўртасидаги муносабат ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Тузилма бугун иқтисодий, гуманитар, транспорт ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик майдони сифатида сақланиб қолмоқда. Бинобарин, ташкилотнинг сиёсий таъсири камайиб, айрим фаолият йўналишлари бошқа минтақавий форматлар билан кесишиб бораётгани ҳам сир эмас.
Барибир, МДҲдаги иштирокимиз сўнгги йилларда янги мазмун касб этди. 2017 йилдан бошлаб Тошкентнинг ёндашуви Ҳамдўстлик таркибидаги барча тузилмалар доирасида фаоллашди. Аниқроғи, мавжуд барча 66 йўналишда ваколатга эга бўлди. 2017 йилдан буён Ўзбекистон ушбу майдонда 90 амалий таклифни илгари сурган, шундан 80 таси амалга ошган. 2027 йил мамлакатимиз МДҲга раислик қилади.
Сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраев билан суҳбатда Ҳамдўстликнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни, мавжуд муаммолар ва 2027 йилги раисликдан кутилаётган вазифалар ҳақида сўз боради.
– Сайфиддин ака, МДҲ ташкил топганига 35 йил тўляпти. Уч ярим ўн йилликда тузилма ўз олдига қўйилган вазифаларни қай даражада бажара олди?

– МДҲни фақат бугунги ҳолатига қараб баҳолаш тўғри эмас. 35 йил ортга назар ташласак, Ҳамдўстлик бир неча босқични босиб ўтганини кўрамиз. Тузилма дастлаб собиқ иттифоқдош республикаларнинг мустақил давлатларга ажралиши жараёнини тинч ва ҳуқуқий асосда расмийлаштиришга хизмат қилди. Кейин интеграцияга нисбатан умид кучайди, аммо бу ният кутилган даражада амалга ошмади. Жараёнда иқтисодий, гуманитар, транспорт ва хавфсизлик каби амалий соҳалар устуворлик касб этди.
Менимча, натижани МДҲнинг тўлақонли уйғун бирлашмага айлангани ёки айланмагани билан эмас, балки мураккаб геосиёсий шароитда мулоқот ва ҳамкорлик механизмини сақлаб қола олгани билан баҳолаш керак. Бугун Ҳамдўстлик тизимида 80 дан зиёд идора, 67 тармоқ тузилмаси фаолият юритмоқда. Иқтисодий ва гуманитар соҳаларда муайян амалий натижаларга эришилган.
– Ўзбекистоннинг МДҲдаги ўрни сўнгги йилларда яққол ўсди. Бу ўзгариш нимада кўринади?
– Ўзбекистоннинг МДҲга муносабати икки даврга ажралади. 1991-2016 йилларда мамлакат Ҳамдўстлик тадбирларида қисман иштирок этди, асосан икки томонлама муносабатларга эътибор қаратди.
2017 йилдан эса ёндашувимиз тубдан ўзгариб, ташкилот низоми бўйича барча идоралар фаолиятига қўшила бошладик. Эндиликда мамлакатимиз МДҲ кун тартибига мунтазам равишда аниқ амалий таклифлар бермоқда.
Иқтисодий кўрсаткичда ҳам фаоллик бор. 2025 йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан товар айланмаси 21,9 миллиард долларга етган. Жорий йил биринчи ярмида эса мамлакатимиз ташқи савдосида Ҳамдўстлик улуши 37,8 фоизни ташкил этган. МДҲ давлатлари иштирокидаги қўшма корхоналар сони 6 000 дан ошган.
– Ўзбекистон МДҲнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири” сифатида баҳоланиши мамлакат зиммасига қандай вазифалар юклайди?
– Дарҳақиқат, Ўзбекистон МДҲ кун тартибини шакллантиришда ташаббус кўрсатаётган давлатлардан бирига айланди. Яъни, бу фаолиятни сон эмас, сифат билан баҳолаш вақти келди. Ҳозиргача республикамиз ташаббуси билан 2030 йилгача иқтисодий ривожланиш стратегияси, саноат кооперациясини ривожлантириш концепцияси, транспорт инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган ҳужжат қабул қилинган. Дерадикализация, чегара хавфсизлиги, гуманитар ҳамкорлик, инновация ва энергетика йўналишларида ҳам амалий ташаббуслар илгари сурилган.
– 2027 йил Ўзбекистоннинг тузилмага раислигидан қандай амалий натижалар кутиш мумкин?
– Бу Ўзбекистон учун нафақат ташкилот ишини мувофиқлаштириш, балки МДҲни янги шароитга мослаштириш бўйича ташаббусларни илгари суриш имкониятидир. Яъни, кун тартиби аниқ амалий натижаларга асосланиши кутилади.
Биринчи йўналиш – иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш: эркин савдо ҳудудларини такомиллаштириш, хизмат ва савдо кўламини кенгайтириш, давлат хариди бозорига кириш. Иккинчи йўналиш – технология ҳамкорлиги: венчур платформаси, инновация марказлари, сунъий интеллект, йирик маълумотлар, рақамлаштириш ва “яшил” энергетика кун тартибига чиқиш. Учинчи йўналиш – транспорт боғлиқлигини кучайтириш: Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб йўлакларини ривожлантириш, транспорт тизимини рақамлаштириш Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт-логистика маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш. Тўртинчи йўналиш – инсон капитали: талабалар мобиллиги, малакани ўзаро тан олиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш.
Шунингдек, дерадикализация, кибернетика ва чегара хавфсизлиги каби масалалар ҳам долзарб. Хуллас, 2027 йилги раисликнинг асосий мезони – янги ҳужжатлар сони эмас, қабул қилинадиган қарорлар ҳаётда қандай натижа бериши.
– 35 йиллик МДҲ тарихи ва Ўзбекистоннинг бугунги фаоллигига таяниб Ҳамдўстлик келажагини қандай тасаввур қилиш мумкин?
– МДҲ амалий ҳамкорлик майдони сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолиши эҳтимоли юқори. Бунинг учун ташкилот янги воқеликка мослашиши талаб этилади. Энди келажак йирик сиёсий декларациялардан кўра, аниқ лойиҳалар билан боғлиқ. Иқтисодиёт, транспорт, технология, энергетика, таълим, миграция, соғлиқни сақлаш ва маданият йўналишларида давлатларга манфаат келтирадиган механизмлар ишласа, Ҳамдўстлик аҳамияти янада ошади.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА