Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлиги: Рақамлар сўзлаганда...
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва технологик муносабат сўнгги йилларда, айниқса 2025-2026 йиллардаги олий даражали музокаралардан сўнг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Анъанавий савдо алоқалари кўлами кенгайиши баробарида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ва рақамли иқтисодиёт икки томонлама муносабатнинг энг тез ривожланаётган соҳаларига айланди.
Савдо айланмаси ва импорт-экспорт
Маълумотга кўра, 2016-2025 йиллар оралиғида Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги товар айланмаси қарийб 9 баробар ошиб, 1.4 миллион доллардан 12 миллион долларга етди. БМТ “UN Comtrade” ва Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида ўтган йил якуни бўйича ушбу мамлакатнинг юртимизга экспорти қиймати 26,4 миллион долларни ташкил этгани келтирилган. Асосий импорт маҳсулотлари кўрсаткичи қуйидагича:
Минерал ёнилғи ва нефть маҳсулотлари – 6,11 миллион доллар;
Саноат ва машинасозлик ускуналари – 4,95 миллион доллар;
Алюминий ва ушбу моддадан ясалган буюмлар – 4,28 миллион доллар;
Кимёвий маҳсулотлар ва бўёқ – 2,83 миллион доллар.
Ўзбекистон томони эса Сербия бозорига асосан тўқимачилик маҳсулотлари – калава ип, тайёр кийим-кечак, мис ҳамда қишлоқ хўжалиги товарлари етказиб бермоқда. Томонлар яқин истиқболда ўзаро савдо айланмасини 50 миллион долларга етказишни мақсад қилган.
АКТ ва IT соҳаси: “Front Office ва Back Office” стратегик модели туфайли ахборот технологиялари соҳасида икки давлат бир-бирини тўлдирувчи геостратегик ҳамкорларга айланди. Сербия Европа Иттифоқи бозорига чиқиш эшиги ҳисобланса, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик IT-хаб сифатида эътироф этилмоқда.
2025-2026 йиллари ўтказилган бизнес-форумлар ва “IT Park Uzbеkistаn” келишуви доирасида “Front Office” ва “Back Office” лойиҳаси муваффақиятли жорий этилди:
“Front Office” (Сербия): ЕИ ҳудудида мижоз жалб қилиш, шартнома тузиш, маркетинг ва сотув амалга ошириш маркази;
“Back Office” (Ўзбекистон): Дастурий таъминот ишлаб чиқариш, техник қўллаб-қувватлаш, маълумотни қайта ишлаш ва муҳандислик кадрлари ресурси.
Аниқ кўрсаткич ва рақамлар
2024 йил IT Park 2 резиденти Сербияга 42 000 долларлик хизмат кўрсатди. 2025 йил экспортчи резидентлар сони 6 нафарга, хизмат қиймати 72 000 долларга етди. 2026 йил хизмат кумулятив экспорти миқдори 130 000 доллардан ошди, “IT Park” таркибида сербиялик таъсисчига эга илк резидент компания рўйхатдан ўтказилди. Бундан ташқари “Palm ID” – биометрик идентификация тизими, маълумот маркази – “Data Center” ҳамда венчур жамғармаларини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳалар йўлга қўйилган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА