Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамкорлиги янги келишувлар билан мустаҳкамланди
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Россиянинг 17 та ҳудуди раҳбарлари ва вакиллари, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари масъуллари, шунингдек, икки мамлакатдан 400 га яқин тадбиркор иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг қутлов сўзлари ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистон томонидан қутловни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Россия томонидан эса Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров етказди.

Мажлис давомида ҳудудлараро тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, савдо ҳажмини ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар кўриб чиқилди.
Учрашувнинг амалий натижаси сифатида 4 та битим имзоланди. Ҳужжатлар Фарғона ва Омск вилоятлари, Сурхондарё вилояти ва Красноярск ўлкаси, Наманган вилояти ва Доғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни қамраб олди.

Шунингдек, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Wildberries компанияси ўртасида «А» тоифасидаги логистика мажмуасини қуриш бўйича инвестиция битими имзоланди.
Таъкидланишича, ҳудудлар ўртасидаги бевосита алоқаларни янада кенгайтириш икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши Россиянинг Омск шаҳрида ўтказилади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА