Оҳангаронда Ўзбекистон – Польша савдо уйи иш бошлади
Ўзбекистоннинг Европа бозорларидаги иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янги ҳамкорлар билан боғлаш ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида янги қадам ташланмоқда. Оҳангарон туманида Ўзбекистон – Польша савдо уйининг фаолияти йўлга қўйилиши ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.
Янги савдо уйининг тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Дрохичин шаҳри мери Войсех Боржим бошчилигидаги Польша делегацияси, тегишли соҳа вакиллари, икки мамлакатнинг йирик инвесторлари ҳамда тадбиркорлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур савдо уйи оддий логистика объекти бўлиб қолмай, Ўзбекистон, Польша ва бошқа Европа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган замонавий бизнес платформаси сифатида фаолият юритади.

Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев ўз сўзида лойиҳанинг ҳудуд иқтисодиёти учун аҳамиятига тўхталиб, савдо уйи орқали Польша бизнесининг вилоятдаги иштирокини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий бозорларга чиқиш имкониятларини қўллаб-қувватлаш муҳим эканини таъкидлади.
Бугун Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда амалий ҳамкорлик кўлами изчил кенгайиб бормоқда. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистондан Польшага 115,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Оҳангаронда ишга туширилаётган савдо уйи эса мазкур кўрсаткичларни янада ошириш учун янги имкониятлар яратади. Бу ерда тадбиркорлар учун маҳсулотларни намойиш этиш ва сақлаш, логистика жараёнларини ташкил этиш, янги ҳамкорлар топиш, экспорт-импорт операцияларини кенгайтириш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш учун зарур шароитлар яратилган.

Шунингдек, савдо уйи орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларни Польша ва бошқа Европа бозорларига олиб чиқиш, Польша компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Тадбир доирасида меҳмонларга савдо уйининг фаолияти таништирилиб, вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шундан сўнг Польша ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида B2B ва G2B учрашувлари ўтказилди.

Мулоқотларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, савдо ҳажмини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, логистика хизматларини ривожлантириш ва янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг аниқ лойиҳаларга айланиши Ўзбекистон – Польша савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг янги йўналишларини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА