Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари янги босқичда изчил ривожланмоқда
Бугун дунёда давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамлиги нафақат сиёсий мулоқот, балки халқлар ўртасидаги яқинлик, ўзаро ишонч, жамоатчилик алоқалари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки билан ҳам белгиланмоқда. Айниқса, тарихи, маданияти ва маънавий қадриятлари муштарак бўлган Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тобора янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Ана шундай эзгу ва истиқболли жараёнлар фонида Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсуновнинг Озарбайжон Республикаси Нодавлат ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги директори Айгун Алиева билан учрашуви алоҳида аҳамият касб этди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тажриба алмашиш, ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада кучайтириш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва давлат билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Зеро, бугун нодавлат нотижорат ташкилотлари фақат муайян ижтимоий муаммоларни ҳал этишда иштирок этувчи тузилма эмас. Улар жамиятдаги ташаббусларни рўёбга чиқариш, аҳоли манфаатларини ифода этиш, ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим кучга айланмоқда.


Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг бу борадаги тажрибаларини ўрганиш, нодавлат ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимоя, маданият, туризм, экология ва бошқа йўналишларда қўшма ташаббусларни илгари суриш муҳим аҳамият касб этади. Бундай ҳамкорлик расмий мулоқотлар доирасидагина қолиб кетмай, одамларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган, ижтимоий фаолликни оширадиган ва икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайдиган амалий лойиҳаларга айланиши мумкин.
Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янги босқичда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва сиёсий иродаси билан икки давлат ўртасидаги муносабатлар нафақат сиёсий-дипломатик, балки иқтисодий, маданий-гуманитар, ҳудудлараро ва жамоатчилик дипломатияси соҳаларида ҳам тобора кенгайиб бормоқда.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Бухорога ташриф буюриши эса икки халқ ўртасидаги тарихий ва маданий муштаракликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Бу ташриф Бухоро учун оддий дипломатик тадбир эмас, балки қадимий шаҳарнинг халқаро нуфузи, бой маданий мероси ва замонавий ҳамкорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этган муҳим воқеа сифатида аҳамиятлидир.
Асрлар давомида Шарқ цивилизациясининг йирик илм-фан, маданият ва савдо марказларидан бири бўлган Бухоро бугун халқаро ҳамкорлик, туризм, маданий алмашинув ва янги ижтимоий ташаббуслар учун ҳам очиқ майдонга айланмоқда.


Мулоқот давомида Бухоронинг туризм, маданий мерос, жамоатчилик ташаббуслари ва халқаро ҳамкорлик борасидаги салоҳияти юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бухоронинг бетакрор тарихий обидалари, бой ҳунармандчилик анъаналари, қадимий маҳаллалари ва ўзига хос маданий муҳити Озарбайжон жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда турли маданий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имконият яратади.
Шунингдек, икки давлатнинг фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тажриба ва инновацион ёндашувлар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма форумлар, семинарлар, ёшлар лойиҳалари, маданий тадбирлар ҳамда ижтимоий ташаббусларни амалга ошириш мумкин. Энг муҳими, бундай ҳамкорлик давлатлар ўртасидаги дўстликни оддий расмий муносабатлардан халқлар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган амалий шериклик даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларида тарихий яқинлик билан замонавий манфаатлар уйғунлашмоқда. Давлат раҳбарлари томонидан яратилаётган мустаҳкам сиёсий пойдевор эса ҳудудлар, шаҳарлар, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очмоқда.
Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов ва Айгун Алиева ўртасидаги мулоқот ҳам ана шу катта жараённинг мантиқий давоми сифатида эътиборлидир. Зеро, бугун дўстликни фақат сўз билан эмас, балки аниқ ташаббуслар, амалий лойиҳалар ва халқлар манфаатига хизмат қиладиган натижалар билан мустаҳкамлаш муҳим.
Бухоро ва Озарбайжон ўртасидаги янги ҳамкорлик ришталари ҳам ана шундай мазмун касб этиши шубҳасиз. Кеча тарих ва маданият бирлаштирган икки халқ бугун эзгу ғоялар, янги ташаббуслар ва истиқболли лойиҳалар орқали келажак сари янада яқин қадам ташламоқда. Чунки чинакам дўстликнинг энг катта исботи — унинг амалий натижасидир. Бухоро заминидаги бундай мулоқотлар эса икки қардош халқ ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаб, ҳамкорликнинг янги уфқларини очишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири