Фарғонада тиб илми олимлари йиғилдилар
Фарғона шаҳридаги «Фарғона экспо» марказида ўтаётган биринчи халқаро кўп тармоқли конгресснинг номи бежизга «АТЛАС» эмас.
Атлас – Фарғона билан чамбарчас боғлиқ қадрият. Унда ранглар уйғунлиги, нафосат, гўзаллик ва миллий маданий меросимиз мужассам.

Бугун эса «АТЛАС» номи яна бир ўзига хос уйғунликни ифодаламоқда: турли мамлакатлар, турли тиббиёт мактаблари, турли илмий қарашлар ягона майдонда.
Конгрессда 130 нафардан ортиқ спикер ва 250 нафардан зиёд иштирокчи инсон саломатлиги, ҳаёт сифатини яхшилаш ва соғлом узоқ умр кўришга хизмат қилувчи замонавий илмий-амалий ёндашувлар хусусида фикр алмашмоқда.

Дастур ҳам кенг қамровли: пластик ва реконструктив жарроҳлик, эстетик тиббиёт, дерматокосметология, юз ва бўйин эстетик жарроҳлиги, сут бези хирургияси, инъексион ва аппарат технологиялари, комплекс эстетик коррексия усуллари...
Маърузалар билан бирга мастер-класслар, амалий машғулотлар ва фанлараро сессиялар ҳам ташкил этилмоқда.
Атлас матода рангларни бирлаштирса, «АТЛАС» конгресси Фарғонада илм, тажриба ва замонавий тиббиётни бир майдонда бирлаштирмоқда.
Халқаро конгресс 19 сентябр куни ҳам ўз ишини давом эттиради.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА