Ўзбекистон ва Ўмон ҳамкорлиги янги босқичда: Маскатда муҳим келишувларга эришилди
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратовнинг 30 сентябр – 2 октябр кунлари Маскат шаҳрига амалга оширган амалий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Ташриф доирасида Ўмон давлат тузилмалари ва етакчи компания раҳбарлари билан бир қатор сермаҳсул музокаралар ўтказилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Иқтисодиёт вазири Хамис бин Саиф Ал-Жабрий ҳамда Савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири Анвар бин Ҳилол Ал-Жабрий билан учрашувлар ўтказди. Мулоқот чоғида томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ҳамда транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш ва транзит имкониятлaрини кенгайтириш каби устувор йўналишларни атрофлича муҳокама қилдилар.
Ўмон ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказилган учрашувлар амалий характерга эга бўлиб, логистика, энергетика, нефть-газ кимёси, электротехника, тоғ-кон саноaти, банк сектори ва туризм каби қатор муҳим тармоқларни қамраб олди.

Хусусан, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва логистика марказларини барпо этиш, энергия сақлаш тизимлари ҳамда замонавий маълумотлар марказларини (Data center) ташкил этиш, шунингдек, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда тўғридан-тўғри етказиб бериш занжирларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф якунлари бўйича икки томонлама муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамлар ташланди. Хусусан, преференциал савдо ҳамда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни тайёрлаш, шунингдек, янги транспорт йўлаклари ва қўшма лойиҳалар бўйича аниқ келишувларга эришилди. Шунингдек, яқин истиқболда Ўзбекистонда қўшма бизнес-форум ва мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятига бағишланган кўргазма ўтказиш, Ўмоннинг йирик бизнес вакиллари билан бевосита мулоқотларни давом эттириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликни янада кенгайтириш ҳамда узоқ муддатли, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА