Шерзод Абдуназаров: Хориждаги ҳар бир ватандошимиз манфаатларини ҳимоя қилиш – устувор вазифамиз
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бугун стратегик шерикликнинг янги, юксак босқичида изчил ривожланиб бормоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестиция, таълим, туризм ва маданий алоқалар билан бир қаторда, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур долзарб мавзулар, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги режалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консули Шерзод Абдуназаров Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига махсус интервью берди.

– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик қайси босқичга кўтарилди? Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мулоқотлари ва сиёсий иродаси амалий ҳамкорлик ривожида қандай ўрин тутмоқда?
– Бугунги кунда Ўзбекистон – Туркия муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди, десак муболаға бўлмайди. Энг муҳими, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар анъанавий дўстлик ва қардошлик ришталаридан аниқ иқтисодий манфаатлар, қўшма инвестиция лойиҳалари ва узоқ муддатли стратегик мақсадларга асосланган амалий ҳамкорлик даражасига чиқди.
Албатта, бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги юксак даражадаги ўзаро ишонч ва мунтазам сиёсий мулоқот ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Айниқса, савдо, саноат, транспорт-логистика, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳамкорлик фақат давлат идоралари даражасида чекланиб қолмасдан, ҳудудлар, ишбилармон доиралар, олий таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Фикримча, бугунги муносабатларимизнинг энг катта ютуғи ҳам шунда – стратегик шерикликнинг амалий натижалари иқтисодиётда, бизнесда ва бевосита инсонларнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
– Истанбулнинг молия ва бизнес маркази сифатидаги имкониятлари икки томонлама ҳамкорликда қандай акс этмоқда? Бош консуллик иқтисодий дипломатия ва ватандош тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай амалий ташаббусларни амалга оширмоқда?
– Истанбул шаҳри биз учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Чунки бу маскан нафақат Туркиянинг, балки бутун минтақанинг энг йирик савдо, молия, саноат ва халқаро бизнес марказларидан биридир. Туркиянинг кўплаб етакчи компаниялари, инвестиция фондлари ва йирик корпорацияларининг бош қароргоҳлари айнан Истанбулда жойлашган. Шу боис, Бош консуллигимиз фаолиятида иқтисодий дипломатияни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Биз турк ишбилармон доиралари вакиллари ва етакчи компаниялар раҳбарлари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, уларга юртимизда яратилган қулай инвестиция муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий зоналар ҳамда истиқболли лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот бермоқдамиз.
Масалан, сўнгги вақтларда мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси билан ҳамкорликда “Kalyon Holding”, “Nakkaş Holding”, “Eczacıbaşı”, “Aksa Enerji”, “Çalık Holding”, “Limak Holding”, “Demirören” ва “Dünyagöz” каби компаниялар билан энергетика, саноат, тўқимачилик, қурилиш, тиббиёт ҳамда таълим соҳаларидаги шериклик имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Истанбул ва Тошкент шаҳарлари ўртасида шаҳарсозлик, транспорт, рақамлаштириш ва туризм йўналишларида тажриба алмашиш кенгаймоқда.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик тадбиркорларга фақатгина ишончли ҳамкор топишда эмас, балки бозор талабларини чуқур англаш ва барқарор кооперация алоқаларини ўрнатишда ҳар томонлама кўмаклашяпмиз. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва саноат товарларини Туркия бозорига, шунингдек, турк портлари орқали Африка ҳамда Яқин Шарқ давлатларига экспорт қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратяпмиз.
– Маълумки, халқларимизни муштарак тарих, ягона маданият ва маънавий илдизлар боғлаб туради. Истанбулда бой миллий меросимизни кенг тарғиб қилиш ҳамда Туркиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланган?
– Истанбулда ўзбек маданияти, санъати ва қадриятларига бўлган қизиқиш жуда юқори. Бош консулхонамиз томонидан Мустақиллик куни ва Наврўз муносабати билан кенг кўламли маданий тадбирлар, концертлар ва кўргазмалар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, аждодларимиз томонидан барпо этилган маданий-маърифий масканлар, жумладан, Истанбулнинг Ускудар, Фотиҳ ва Аюбсултон туманларидаги тарихий хонақоҳлар бўйича ҳам ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Туризм соҳасига тўхталсак, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларимиз бутун туркий ва ислом цивилизациясининг бебаҳо меросидир. Туркия фуқаролари юртимизга ташриф буюрганда нафақат тарихий обидаларни томоша қилади, балки ўзларига яқин бўлган тил, маданият ва меҳмондўстлик муҳитини ҳис этади.
Асосий мақсадимиз – республикамизни фақатгина тарихий обидалар макони сифатида эмас, балки зиёрат, гастрономик, маданий, тиббий ва ишбилармонлик туризми учун ҳам жозибадор манзил сифатида кенг тарғиб қилишдир. Бу борада турк сайёҳлари учун Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива ва Фарғона водийсини қамраб олувчи янги турмаршрутларни оммалаштириш, туроператорлар ўртасида B2B учрашувлар ва медиатурлар ташкил этиш режалаштирилган.
– Хориждаги ватандошларимизга консуллик хизматлари кўрсатиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қандай янги ва самарали тизимлар йўлга қўйилди?
– Хориждаги ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Бош консулхонамизнинг энг муҳим ва олий вазифасидир. Фуқаромиз қаерда ишлаши, қандай шароитда яшаши ёки қайси муаммога дуч келишидан қатъи назар, унинг мурожаати эътиборсиз қолмаслиги зарур.
Бош консулликка меҳнат муносабатлари, иш ҳақи тўланмаслиги, яшаш ва ишлаш рухсатномалари, оилавий низолар, тиббий ва ҳуқуқий ҳимоя билан боғлиқ турли мурожаатлар келиб тушади. Айниқса, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга, алдов ва сохта ҳужжатлар қурбони бўлган аёлларимизга тезкор ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратамиз. Бедарак йўқолганларни қидириш, ҳибсга олинганларнинг тақдирини ўрганиш бўйича Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва миграция идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз.
Хизматлар жозибадорлиги ва тезкорлигини ошириш мақсадида электрон навбат тизими тўлиқ жорий этилди, 24/7 режимида ишловчи Call-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Барча ватандошларимиз ҳам Истанбулга бевосита кела олмаслигини инобатга олиб, ҳудудларда сайёр консуллик қабулларини мунтазам ўтказяпмиз. Мен учун консуллик фаолияти самарадорлигининг асосий мезони кўрсатилган хизматлар сони эмас, балки фуқаромизнинг муаммоси қай даражада ижобий ҳал этилганидир.
– Истанбул шаҳрида илк ўзбек мактаби ва боғчаси барпо этилиши ҳақида хабар берилган эди. Ушбу лойиҳа бўйича сўнгги янгиликлар билан ўртоқлашсангиз. Шунингдек, келгуси фаолиятингиздаги энг устувор вазифалар ва юртдошларимизга асосий мурожаатингиз нималардан иборат?
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва шахсий тасдиғи билан хориждаги илк ўзбек мактабини Истанбул шаҳрида очиш бўйича амалий ишлар бошланди. Айни пайтда Истанбулнинг ўзбеклар зич яшайдиган ва транспорт қатнови қулай бўлган Бакиркўй туманидан ажратилган ҳудудда 660 ўринга мўлжалланган, ўзбек тилида бепул ва сифатли таълим берувчи замонавий мактаб ҳамда 60 ўринли боғча биноси қурилмоқда. Ушбу мактабнинг тамал тоши жорий йилнинг январь ойида икки давлат президентлари томонидан қўйилгани юртдошларимизга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик намунасидир.
Таълим, иқтисодиёт ва маданий соҳадаги барча ташаббусларимиздан кўзланган ягона мақсад — хориждаги юртдошларимизга муносиб шароит яратишдир. Фурсатдан фойдаланиб, Туркияда истиқомат қилаётган барча ватандошларимизга шуни таъкидламоқчиман: Бош консулхона сизлар учун доимо очиқ ва ишончли маскандир. Биз фақатгина ҳужжат расмийлаштирадиган маъмурий идора эмас, балки сизларни Она Ватан билан мустаҳкам боғлаб турувчи ишончли таянч нуқтасимиз.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг келажаги жуда порлоқ. Бизнинг асосий бурчимиз эса ана шу улкан имкониятларни халқларимиз фаровонлигига хизмат қиладиган амалий натижаларга айлантиришдир.
Нодира КАЙИМОВА, ЎзА
Истанбул, Туркия