Ўзбекистон ва Малайзия: жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган яна бир ҳужжат “Ўзбекистон Республикаси билан Малайзия Ҳукумати ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонундир.
Ушбу Шартномада жиноий иш бўйича тергов ҳамда бошқа процессуал ҳаракатларни ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш асослари ва шартлари кўрсатиб ўтилмоқда.

Шунингдек, сўров шакли ва мазмуни, унинг ижросини таъминлаш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиш асослари ҳамда Шартнома доирасида олинган маълумот ва далиллардан фойдаланишда чекловлар билан боғлиқ масалаларга аниқликлар киритилмоқда.
Қонун билан ратификация қилинаётган Шартномада шахсларнинг манзили ёки уларнинг шахсига аниқлик киритиш масалалари белгилаб қўйилмоқда. Сўраётган Томон мурожаатига кўра сўралаётган Томон ўз қонунчилиги доирасида сўровда кўрсатилган шахс сўралаётган Томон ҳудудида эканига етарли асос мавжуд бўлганда уни топиш ҳамда шахсини аниқлашда зарур бўлган барча чораларни кўриши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг жиноий ишларни тергов қилиш ва судда кўриш давомидаги самарадорлигини оширишга, шунингдек, Малайзия Ҳукумати билан жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қонуний асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА