Ўзбекистон ва Хитой таълим соҳасида муҳим келишувларга эришди
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий таълим лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш борасидаги ишлар кўлами кенгаймоқда.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шокирова Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Ю Жун ҳамда таълим масалалари бўйича маслаҳатчи жаноб Сун Чангдонг билан учрашди.
Мамлакатимизда келгуси ўқув йилидан бошлаб хитой тили ва STEM йўналишига ихтисослаштирилган янги мактаб фаолиятини йўлга қўйиш, педагоглар учун малака ошириш дастурларини ташкил этиш, замонавий ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш ҳамда таълим жараёнига илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Агентлик қошида HSK халқаро имтиҳон марказини ташкил этиш истиқболлари, ўқувчиларнинг хитой тилини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонни минтақадаги замонавий таълим ва халқаро сертификатлаш марказларидан бирига айлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Эришилган келишувлар икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, деб ишонч билдирилди, дейилади Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги маълумотида.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА