Муддатли ҳарбий хизматчилар олий таълим сари дадил одимламоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз ва Какайди гарнизонларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган, олий таълим муассасаларига кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган ҳарбий хизматчилар давлат тест синовларини топширишни бошлади. Имтиҳонлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг Термиз шаҳридаги биносида белгиланган тартиб асосида ўтказилмоқда.
Тест синовларида иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар юксак масъулият ва катта ишонч билан ўз билимларини синовдан ўтказмоқда. Улар жорий йилнинг 1 майидан бошлаб бешта фан бўйича мунтазам тайёргарлик кўриб, назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди.
[gallery-30444]
Белгиланган жадвалга мувофиқ, 14–20 июль кунлари давомида Термиз ва Какайди гарнизонларидан жами 47 нафар муддатли ҳарбий хизматчи давлат тест синовларида иштирок этади. Жараён очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилган.
Муддатли ҳарбий хизматчилар учун таълим олиш имкониятларининг кенгайиб бораётгани ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг келгусида малакали мутахассис бўлиб етишиши ҳамда ҳарбий хизмат билан бир қаторда ўз келажагини мустаҳкам билим ва касб асосида барпо этишига хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА