Ўзбекистон ва Хитой ички ишлар идоралари хавфсизлик, жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиради
Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ҳамда Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кадрлар малакасини ошириш ва соҳада ўзаро тажриба алмашиш каби йўналишлардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар идоралараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, замонавий хавф-хатарларга қарши самарали ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашувда асосий эътибор терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, уюшган жиноятчилик ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, киберхавфсизлик ва рақамли криминалистика йўналишида тажриба алмашишни ташкил этиш каби долзарб масалаларга қаратилди.

Шунингдек, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни изчил давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунлари ва эришилган келишувларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда юқорида қайд этилган кўплаб йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА