Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида таълим алмашинуви мустаҳкамланмоқда
Тошкентда Ҳиндистоннинг Tехника ва иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC) куни нишонланди. Ҳиндистон элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда ITEC дастури битирувчилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним икки давлат ўртасида кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик муваффақиятли ривожланаётганини таъкидлади.
Таъкидлаш керакки, ITEC дастури – Ҳиндистон ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган етакчи кадрлар тайёрлаш платформасидир. У 1964 йилда таъсис этилган бўлиб, дунёнинг энг қадимий халқаро кадрлар тайёрлаш дастурларидан бири ҳисобланади. Унинг доирасида ҳозиргача 160 дан ортиқ мамлакатдан 200 мингдан ортиқ мутахассис фуқаролик ва мудофаа соҳалари бўйича таълим олган.
[gallery-22125]
ITEC ҳар йили 100 дан ортиқ етакчи Ҳиндистон таълим муассасаларида 400 та курс бўйича 10 мингга яқин тўлиқ молиялаштирилган стажировкалар таклиф қилади. Бундан ташқари, Ҳиндистон давлат бошқаруви ва бошқа муҳим соҳалар бўйича шерик мамлакатлар сўровига биноан махсус курслар ташкил этади.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён 2500 дан ортиқ ўзбек мутахассиси ITEC дастури доирасида таълим олган. 2024 йилда эса Ҳиндистонда 160 дан ортиқ мутахассис таълим олган. Уларнинг 40 фоизи аёллардир. Улар қайта тикланувчи энергия, аёллар етакчилиги ва имкониятларини кенгайтириш, инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш, IT, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва жамоат соғлиғини бошқариш соҳалари бўйича ўқишган.
– Ҳиндистон ва Ўзбекистон давлатлари таълим соҳасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Бугунги тадбир ҳам бунга яққол мисол бўлади. ITEC дастурининг 60 йиллик юбилейи муносабати билан самимий қутлайман. Ҳиндистон ҳукумати ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур дастур таълим ва кадрлар тайёрлаш орқали ҳамкор мамлакатларнинг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ҳар йили биз Ўзбекистон фуқаролари учун 200 га яқин тўлиқ молиялаштирилган стипендия тақдим этамиз. Бу уларга Ҳиндистоннинг 50 та нуфузли институтида 100 дан ортиқ йўналиш бўйича таълим олиш имкониятини беради. Ушбу йўналишлар қаторида ахборот технологиялари, давлат бошқаруви, стартаплар, сайлов жараёнларини ташкил этиш, тадбиркорлик, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника, қишлоқ хўжалигида хавф-хатарларни таҳлил қилиш, тиббиёт ва бошқа соҳалар мавжуд. Биз бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз, – деди элчи хоним.
ITEC дастури битирувчиси, мустақил тадқиқотчи Шоира Йўлдошева Ҳиндистонда ўтган йили ўқув курсини тамомлагани ва у жуда юқори савияда ташкил этилганини қайд этди.
– Курс давомида HR бошқаруви, рақамлаштириш ва унинг жамиятга таъсирига оид қимматли билимларга эга бўлдим. Мазкур курсга жалб қилинган профессорлар бизга касбий ва интерактив тарзда сабоқ бердилар. Олийгоҳ шаҳарчасида талабалар учун қулай ва илиқ муҳит яратилган эди. Айниқса, хорижий талабалар учун кундалик турли хил халқаро таомлар таклиф этилди. Шунингдек, курс доирасида тарихий масканлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва кутубхоналарга ташриф буюрдик. Шубҳасиз, ушбу курс дастуримизнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлди. Жумладан, Амбер қалъаси, Қизил қалъа, Тожмаҳал каби тарихий ёдгорликлар унутилмас таассурот қолдирди. Дастур нафақат янги ғояларни ўрганиш, балки халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун ҳам муҳим майдон бўлди.
Тантанали тадбир якунида Тошкентдаги Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази жамоаси томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА