Ўзбекистон ва БМТ ўта муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳимояси заиф объектлар ва ўта муҳим инфратузилмани террорчилик таҳдидларидан ҳимоя қилиш масалалари бўйича уч кунлик миллий даражадаги чуқурлаштирилган маслаҳатлашувлар бошланди.
Жорий йилнинг 14 октябрь куни бошланган тадбир Ўзбекистон ва БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси ўртасидаги 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда.
Маслаҳатлашувлар БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маслаҳатлашувларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга корхоналар мутахассислари иштирок этмоқда. БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Терроризмга қарши кураш қўмитасининг Ижроия директорати экспертлари маърузачи сифатида қатнашмоқда. Халқаро мутахассислар ўта муҳим объектларни ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибани тақдим этади.
Тадбир давомида объектларни ҳимоя қилишнинг тезкор ва техник чоралари, террорчилик ҳужумларининг олдини олиш ҳамда масъул тузилмаларнинг бундай ҳужумларга жавоб чораларини кўришга тайёрлиги масалалари кўриб чиқилади.
Маслаҳатлашувлар якунида миллий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда амалдаги механизмларни такомиллаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилади.
ЎзА