Ўзбекистон ва Беларусь: таълим, фан ва тиббиёт соҳаларида ҳамкорлик кенгайтирилади
Хива шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг IV бизнес-форуми доирасида “Ўзбекистон ва Беларуснинг гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги стратегик шериклиги: имкониятлар ва истиқболлар” мавзусида 3-шўъба йиғилиши ўтказилди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Орал Атаниязова ҳамда Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгашининг Таълим, фан, маданият ва ижтимоий ривожланиш масалалари доимий комиссияси раиси Наталья Павлюченко модераторлигида ўтган йиғилишда икки мамлакат ўртасида олий ва профессионал таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, уни янги мазмун билан бойитиш ва истиқболли йўналишларда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида гуманитар соҳада шаклланган ҳамкорлик салоҳияти таълим, илм-фан ва тиббиёт йўналишларида янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим замин яратаётгани қайд этилди.
Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, муҳандислик ва юқори технологияли соҳалар учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ривожлантириш, профессионал таълим соҳасида илғор тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Илмий тадқиқотлар йўналишида эса биоxилма-хилликни ўрганиш, генетика, биотехнология ва замонавий технологиялар соҳаларида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, педиатрия, тиббий хизматлар сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш борасида тажриба алмашиш масалалари кўтарилди.
Фармацевтика соҳасида икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион маҳсулотлар ва технологияларни яратиш, илмий-тадқиқот натижаларини фармацевтика амалиётига жорий этиш бўйича истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилишда таълим, илм-фан ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни фақат тажриба алмашиш билан чеклаб қолмасдан, аниқ қўшма лойиҳалар, илмий-тадқиқот дастурлари, кадрлар тайёрлаш ва инновацион ишланмаларни амалга ошириш орқали янада чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Беларуснинг тегишли ташкилотлари ўртасида таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор келишувлар имзоланди.

Мазкур келишувлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни гуманитар ва ижтимоий соҳаларда янада мустаҳкамлаш, таълим ва илмий йўналишдаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда амалий ҳамкорликнинг янги механизмларини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат),
ЎзА