Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги маданий алоқалар кенгаймоқда
Беларусь давлат маданият ва санъат университети ҳамда Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти ўртасида академик ва маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган келишув имзоланди, деб хабар беради БелТА ахборот агентлиги.
Олий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Бахтиёр Ёқубов Беларусь давлат маданият ва санъат университетида бўлди.
Ташриф доирасида таълим ва маданий соҳаларда шерикчиликни кенгайтиришга қаратилган икки томонлама келишув имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, ёшлар ташаббуслари, талабалар театр фестиваллари ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон делегацияси Беларусь университетининг таълим ва ижодий инфратузилмаси билан танишди. Вакилларимиз музей экспозициясида бўлиб, хореография кафедрасидаги амалий машғулотларни ҳамда университетнинг кўп функцияли спорт-маданият маркази билан танишди.
Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, олий таълим даргоҳлари алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, касбий ва ижодий соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда ёшлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишда навбатдаги қадам бўлди.
Азиза Алимова, ЎзА