Ҳиндистоннинг “Sarkaritel” нашри Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси ҳақида мақола эълон қилди
Ҳиндистоннинг “Sarkaritel” нашри Марғилонда бунёд этилган Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва сайёҳлик мажмуаси ҳақида мақола эълон қилди.
Чет эл матбуоти ушбу масканни миллий маданий мерос, ислом илмлари, анъанавий ҳунармандчилик ва замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ўзида мужассам этган йирик лойиҳа сифатида юқори баҳолаган.
Мақолада мажмуа 2026 йил 27 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида очилганига алоҳида эътибор қаратилиб, лойиҳанинг Марғилон тарихий қиёфасини замонавий сайёҳлик имкониятлари билан уйғунлаштиришдаги аҳамияти юқори баҳоланган. Президентнинг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида барпо этилган ушбу масканнинг умумий қиймати 1,7 триллион сўмни ташкил этади ва у 35 гектар майдонни эгаллаган.
Нашрнинг ёзишича, лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида зиёратчилар учун бир қатор ноёб маданий ва сайёҳлик объектлари фойдаланишга топширилган. Хусусан, мажмуа ҳудудида “Отабек ва Кумуш уйи”, 17 минг квадрат метрлик сунъий кўл, шоир ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандчилик масканлари, анъанавий бозор ҳамда савдо шохобчалари ташкил этилган. Шунингдек, мажмуа кўркига кўрк қўшиб турган баландлиги 27 метрли миноралар ҳам барпо этилган бўлиб, буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг бой маданий меросини намоён этишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, мақолада ҳудуднинг маданий-маърифий инфратузилмасига ҳам алоҳида урғу берилган. Айни пайтда мажмуада 500 ўринли Мақом театри ва Марғилон тарихи музейи қурилиши жадаллик билан давом этмоқда. Бу объектларнинг ташқи безак ишлари тўлиқ якунланиб, ички жиҳозлаш жараёни олиб борилмоқда. Мажмуа таркибидаги ҳунармандчилик павильонлари эса шаҳарнинг кўҳна ипакчилик, атлас ва адрас тўқиш анъаналарини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади.
Умуман олганда, Ҳиндистон нашри ушбу йирик лойиҳани Ўзбекистоннинг бой маданий меросини тарғиб қилиш ҳамда Марғилонни халқаро миқёсдаги сайёҳлик ва маърифат марказига айлантиришдаги тарихий қадам сифатида эътироф этган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА