Ўзбекистон ва АҚШ: коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик кучайтирилади
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов АҚШ Давлат департаментининг Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишлари бюроси (INL) Европа ва Осиё бошқармаси директори Марк Тервакоски билан учрашди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ва Агентлик олдидаги устувор вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар давомида икки давлат ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хусусан, коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг 5-раунд мониторинги доирасидаги тавсияларини амалга ошириш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш каби қатор йўналишларда амалий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида урғу берилди.
АҚШ томони рақамли технологиялар ва тоғ-кон саноати соҳаларига инвестиция киритиш ва бизнес юритишдаги коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида илгари сурилган таклифлар ва янги йўналишлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА