Мирзо Улуғбек туманида ислоҳотлар шиддати, рақамли келажак ва бунёдкорликнинг янги босқичи намоён бўлмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига ташриф буюриб, туман ҳокимлиги фаолияти, жойлардаги бунёдкорлик ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари билан танишди.

Бугунги кунда Мирзо Улуғбек тумани пойтахт иқтисодиёти ва илмий салоҳиятини белгилашда стратегик аҳамиятга эга. Юқори иқтисодий динамика ва ижтимоий барқарорлик туманнинг замонавий қиёфасини белгилаб бермоқда. Ҳудуд иқтисодиётининг асосий драйверлари сифатида жадал ривожланаётган хизмат кўрсатиш соҳаси ва замонавий технологик ишлаб чиқариш тармоқлари юқори самадорликни таъминламоқда.
Аҳоли зичлиги юқори бўлган ушбу туманда 342 минг нафардан зиёд фуқаро истиқомат қилади. Ҳудуддаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғини орқали ижтимоий бошқарувнинг самарали тизими йўлга қўйилган. Бу аҳоли билан манзилли ишлаш ва мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш имконини беради.
Туманнинг ўзига хос жиҳати унда йирик илмий-таълим муассасаларининг жамланганидадир. Бу интеллектуал ресурс ҳудудни инновацион иқтисодиётга ўтишда мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги биноси ёнидаги Салар канали устига қурилган кўприкни бориб кўрди, ҳудуддаги кўкаламзорлаштириш ишларини кўздан кечирди ва шу ерда кўчат экди.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги биносида яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Президентимиз 1992-1996 йилларда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Ҳокимлик биносида давлатимиз раҳбари ҳоким бўлиб ишлаган даврдаги қиёфада қайта тикланган хизмат кабинети ва хизмат автомобили кўрсатилди. Давлатимиз раҳбари ҳокимлиги пайтида қабул қилган энг муҳим қарорлар кўргазмага қўйилган. Танишув чоғида Президентимиз ўша вақтдаги фаолиятидан хотиралари билан бўлишди.

Шу пайтгача Мирзо Улуғбек туманида жамоат хавфсизлиги, транспорт, ижтимоий ёрдам, коммунал, молия ва банк каби 30 та ташкилот ўз йўналиши бўйича алоҳида-алоҳида, тарқоқ ҳолда ишлаётган эди. Ягона тизим йўқлиги аҳоли мурожаатини тезкорлик билан ҳал қилишга катта тўсиқ бўлаётган, ортиқча вақт ва сарсонгарчиликка сабаб бўларди.
Ҳозир ҳокимликда вазиятлар маркази ташкил этилиб, сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Ақлли туман” платформаси яратилди. Муҳими, тумандаги барча маҳалла вакиллари билан онлайн мулоқот қилиш, вазиятдан доимо хабардор бўлиш имконияти яратилган.
Бу ерда ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинг қилинади, аҳоли мурожаатлари ижроси назоратга олинади, фавқулодда ҳолатларда тегишли хизматлар фаолияти тезкор бошқарилади ва мувофиқлаштирилади.
Платформа таркибидаги “Хавфсиз туман” тизими ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Тадбиркорлик субъектларининг рақамли харитаси сунъий интеллект таҳлили асосида солиқ тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини таъминлашга қаратилган. “AI Davomat” тизими эса мактабларда сабабсиз дарс қолдириш ҳолатларини бартараф этиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Бундай платформалар Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида ҳам ишга туширилди.
Президентимиз вазиятлар маркази фаолияти билан танишиб, ушбу янги тизимни пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этишга топшириқ берди. Барча вилоят ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар, хавфсизлик ва солиқ идоралари раҳбарлари Мирзо Улуғбек туманига келиб, ушбу янги тизимни ўрганиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги Ўзбекистон овози кўчасида ташкил этилган гастрономик туризм кўчаси фаолияти билан танишди.

Туризм кам маблағ эвазига кўп иш ўрни яратадиган, аҳоли даромадларини ошириб, ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган муҳим соҳадир. Тошкент шаҳрида бу борада имкониятлар катта.
Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида мазкур салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон овози кўчасида олиб борилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари мамлакатимизда туризм ва сервис соҳаларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган.
Объект 2025 йил сентябрь ойида ишга туширилган бўлиб, лойиҳаси Россиянинг “City Makers” ва “Люди Архитектс” бюролари томонидан ишлаб чиқилган.
Кўчанинг умумий узунлиги 2,1 километрни ташкил этади. Бу ерда замонавий инфратузилма яратилган. Жумладан, кенг пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилган, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилган.
Ҳудудда селфи-зоналар, очиқ ҳаводаги спорт майдончалари ташкил этилиб, оилавий дам олиш масканлари, болалар учун экомайдончалар ва арқонли боғ фаолият кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари кўча бўйлаб юрар экан, замонавий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар билан самимий суҳбатлашди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллиард сўмни ташкил этади. Кўчада жами 165 та савдо объекти фаолият юритмоқда. 89 та тадбиркорлик субъекти узлуксиз ишлаш тартибига ўтган. Шунингдек, 2 минг 221 та янги иш ўрни яратилган.
Президентимизга шу ернинг ўзида Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туризм ва гастрономик кўчаларда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда пойтахтда жами 26 та кўча туну кун фаолият юритишга ўтди. Бу йўналишга 540 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 1 минг 103 та янги савдо ва сервис объекти ташкил этилиб, 315 та тадбиркорлик субъекти 24/7 режимида ишлашни бошлади, 26 та хорижий бренд фаолияти йўлга қўйилди.
Амалга оширилган ишлар иқтисодий кўрсаткичларга ҳам ижобий таъсир кўрсатган. Кўчаларда турли хизматлардан фойдаланувчилар суткасига 80 мингдан 200 мингга етган, 6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.
Жорий йилда яна 18 та янги туризм кўчасини ташкил этиш, 500 та янги объектни ишга тушириш ва 7 минг нафаргача янги иш ўрни яратиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз Мирзо Улуғбек туманида гастрономик туризм кўчалари сонини янада кўпайтириш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, хизматлар сифатини ошириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида янги бунёд этилган “Pavilion” савдо мажмуасини бориб кўрди.

Сўнгги йилларда юртимизда қурилиш материаллари саноати жадал ривожланиб, тармоқда ишлаб чиқариш билан бирга савдо ва сервис инфратузилмасини замонавий асосда ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур мажмуа ана шундай ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди. Ташаббускор инвестор томонидан лойиҳага 25 миллион доллар сармоя йўналтирилган. Мажмуа 4,6 гектар ҳудудда барпо этилган бўлиб, 42 минг квадрат метр қурилиш ишлари бажарилган. Ҳудудда 1 минг ўринли автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.
Уч қаватли мажмуада савдо дўконлари билан бирга кенг йўлаклар, очиқ ва қулай жамоат майдонлари, харидорлар учун замонавий шароит яратилган. Энг муҳими, бу ерда қурилиш материаллари савдосини тарқоқ ҳамда тирбанд шаклдан чиқариб, тартибли, шаффоф ва харидорбоп тизим асосида йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбарига мажмуа фаолияти ва имкониятлари ҳақида ахборот берилди. Президентимиз қурилиш маҳсулотлари дўконларини кўздан кечирди.
Бу ерда 500 та дўкондаги қурилиш ва таъмирлаш учун зарур маҳсулотларни бир жойда таклиф этиш имконияти яратилади. Барча маҳсулотлар ва уларнинг нархи ягона электрон платформа орқали шаффоф кўриниб туради. Бу эса ҳам тадбиркорлар, ҳам харидорлар учун вақт, маблағ ва танлов имконияти нуқтаи назаридан катта қулайлик яратади.
Мажмуа йилига 3 миллионгача харидорга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
Ҳудудда хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бутун савдо комплекси 500 та замонавий кузатув камераси билан қамраб олинган.
Президентимиз ушбу мажмуа шунчаки савдо нуқталари жамланмаси эмас, балки қурилиш материаллари бозорида янги маданият, янги сифат ва янги хизмат стандартларини шакллантирадиган маскан бўлиши кераклигини таъкидлади.
Тошкентнинг тарихий ўн иккита дарвозаси бўлганини эслатиб, бугун пойтахт атрофида ҳам шундай, турли йўналишларга ихтисослашган замонавий савдо марказларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.
– Халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб, истаклари ортаяпти. Бу каби савдо мажмуаларида миллий маҳсулотларимизга кўпроқ ўрин бериш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш ва логистикани тўғри йўлга қўйиш лозим, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Мирзо Улуғбек туманидаги Боғимайдон маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.
Юртимизда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ва аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини яратиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Бу борада 2026 йил 16 февралда қабул қилинган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили Давлат дастури маҳаллаларни замонавий асосда ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Боғимайдон маҳалласи бугун ана шундай янгиланишлар натижасида мутлақо янгича қиёфа касб этган. 1987 йилда ташкил этилган ушбу маҳаллада ҳозир 41 та кўп қаватли уй, 1 минг 990 та хонадон мавжуд бўлиб, қарийб 5,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудудда аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилган. Хусусан, бу ерда 20 та болалар ўйингоҳи, 11 та воркаут майдончаси, 3 та мини-футбол майдони ва теннис корти ташкил этилган. 2 та мактабгача таълим ташкилоти қарийб 500 нафар болани қамраб олган.
Маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бугун бу ерда 70 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Бу эса ишсизликни қисқартириш ва оилалар даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, маҳалладаги 1 минг 48 нафар ёшдан 949 нафарининг бандлиги таъминланган.
Ҳудудда яшилликни асраш ва кўпайтиришга ҳам эътибор кучайтирилган. Шу мақсадда 2022 йилда экобоғ ташкил этилган. Қарийб 4,5 минг туп дарахтга эга ушбу боғ бугун кексаю ёш учун севимли дам олиш масканига айланган.
Шунингдек, маҳаллада ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган “Нуронийлар маскани” ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бугун турар жойлар кириш қисмлари кузатув камералари ва қўриқлаш пультлари билан жиҳозланган. Ҳудудга кириб-чиқувчи шахслар ва автотранспорт воситалари замонавий технологиялар асосида назорат қилиб борилмоқда.
Президентимиз аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари билан мулоқот қилди. Обод ва файзли маҳалла жамият таянчи эканини таъкидлаб, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш доимо устувор вазифа бўлиб қолишини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада ташкил этилган сумалак сайлида иштирок этиб, маҳалла аҳли ва болажонлар билан суҳбатлашди. Шунингдек, спорт майдончасида машғулот олиб бораётган ёшлар билан учрашиб, жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзининг баркамол шахс бўлиб вояга етишдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ, Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбирлари