Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорлиги истиқболи муҳокама қилинди
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Афғонистон делегацияси билан ўтказилган музокарада савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги истиқболларни очиш масаласи кўтарилди.
Абу Бакр Задрон бошчилигидаги хорижий мутахассислар иштирокида кечган мулоқотда 50 дан зиёд Афғонистон корхонаси вакиллари ҳамда озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё ва қурилиш соҳаларидаги компанияларимиз масъуллари иштирок этди.

Суҳбат давомида тармоқ уюшмалари ўртасида бевосита алоқани жонлантириш ва изчил муносабат ўрнатиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилди.
Саноат кооперациясига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ўз экспорт салоҳиятини намойиш этдилар. Афғонистон томони қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва логистика соҳаларини асосий мақсад сифатида белгилаб олди.
Музокара давомида қўшма лойиҳалар амалга ошириш, технология алмашиш ва биргаликда кадрлар тайёрлаш имконияти ҳам кўриб чиқилди.

В2В форматидаги мулоқотларда тадбиркорлар маҳсулот етказиб бериш ва янги бозорларга чиқиш масалаларини келишиб олдилар. Ҳамюртларимиз узоқ муддатли шерикликка тайёрликларини билдирдилар. Шу билан бирга савдо жараёнини соддалаштириш ва транзит йўлакларини ривожлантириш мавзуси ҳам диққат марказида бўлди.
Учрашув якунида турли йўналишларда шерикликни кенгайтириш, бизнес вакиллари ўртасида самарали мулоқотлар ташкил этиш бўйича муайян келишувларга эришилди.
Г.Сатторова, ЎзА